"ZTO Express" Ўзбекистонда “ақлли" логистика омборларини ташкил этиш ниятида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Транспорт вазири Илҳом Махкамов Хитойнинг "ZTO Express" компанияси президенти Ху Сянлян билан учрашув ўтказди. Учрашувда мамлакатимиз транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш, ушбу йўналишда Хитой компаниялари ва молия ташкилотлари билан ҳамкорликда янги инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди.
Учрашувда "ZTO Express" вакиллари компания фаолият йўналишлари юзасидан тақдимот ўтказишди. Компания логистика хизматлари соҳасида катта мавқега эга бўлиб, юкларни қабул қилиш, сақлаш, саралаш ҳамда омборлардан якуний истеъмолчиларгача бўлган юк етказиб бериш хизматларини кўрсатади. “Alibaba Group”, “JD.com”, “Pinduoduo” каби йирик электрон тижорат операторлари компаниянинг асосий мижозлари ҳисобланади.
Компания президенти Ху Сянлян Ўзбекистонда қуйидаги йўналишларда ҳамкорликдаги лойиҳаларда иштирок этишни таклиф қилди:
- аэропортлар ҳудудида омборхоналар барпо этиш ва жиҳозлаш, "ақлли" логистика омборларини ташкил этиш;
- Ўзбекистон ҳудудида асбоб-ускуналарни йиғиш ва кейинчалик қўшни мамлакатларга экспорт қилиш учун саноат паркларини ташкил этиш;
- божхона расмийлаштируви тизимини ахборотлаштириш.
Учрашувда транспорт вазири И.Маҳкамов "ZTO Express" компаниясига Навоий вилояти ҳудудида логистика марказларини барпо этиш, Тошкент давлат Транспорт университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, университет талабалари ва ўқитувчилари учун Хитой логистика хизматлари соҳасидаги тажрибани ўрганишга қаратилган ўқув дастурларини ташкил этиш юзасидан таклифларни билдирди.
Томонлар учрашувда муҳокама этилган масалалар бўйича кейинги қадамларни белгилаш мақсадида Ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар. Транспорт вазирлиги томонидан бу вазифа Транспорт ва логистика муаммоларини ўрганиш марказига юклатилди.