Валюта курслари 26/09/2025
$1 – 12199.71
UZS – -0.16%
€1 – 14328.56
UZS – -0.35%
₽1 – 146.09
UZS – 0.08%
Қидириш
Зироат Мирзиёева БМТда болалар саратони омон қолиш даражасидаги тафовутни камайтиришга чақирди

Зироат Мирзиёева БМТда болалар саратони омон қолиш даражасидаги тафовутни камайтиришга чақирди

Зироат Мирзиёева БМТда болалар саратони омон қолиш даражасидаги тафовутни камайтиришга чақирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясининг олий даражадаги ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, St.Jude болалар тадқиқот шифохонаси ҳамда «Zamin» фонди ҳамкорликда "Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат" мавзусида тадбир ўтказди. Унда Зироат Мирзиёева иштирок этди.

«Zamin» фонди Васийлик кенгаши раиси иштирокчиларга мурожаат қилар экан, шундай деди: "Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб икки миллиарддан зиёд болалар юқумли бўлмаган касалликлар хавфи остида ёки улардан азият чекмоқда. Бу — сайёрамиз аҳолисининг қарийб учдан бир қисми демакдир.

Миллионлаб болалар саратонга қарши курашмоқда. Замонавий тиббиёт ютуқларига қарамай, яшовчанлик даражаси турли минтақаларда кескин фарқ қилади: ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 80 фоиздан юқори бўлса, ривожланаётганларда 30 фоиздан ҳам паст. Бундай тафовут мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат. Бундай фожиаларнинг олдини олиш учун чора кўришимиз зарур".

Тадбирда Туркия, Озарбайжон, Ангола, Ветнам, Гватемала, Сербия биринчи хонимлари, Ливан Бош вазирининг рафиқаси; ЖССТ бош директори, ЭКОСОС президенти, "St. Jude" болалар тадқиқот шифохонаси президенти, Туркия, Ангола, Арманистон, Бангладеш, Мозамбик, Доминикан Республикаси, Нигерия, Қозоғистон, Қатар, Конго Республикаси, Қирғизистон, Малта, Мўғулистон, БАА, Перу, Тожикистон, Тимор-Лесте, Тувалу, Чад, Ямайка соғлиқни сақлаш вазирлари, Венгрия, Индонезия, Россия, Танзания соғлиқни сақлаш тузилмалари раҳбарияти, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти вакиллари, оғир касалликларга чалинган болалар иштирок этди.

Улар орасида "Mehrli maktab" мактабининг ёш битирувчиси ва кўнгиллиси Самира Идрисова ўз ҳаёти ҳақида самимий ҳикоя қилиб берди.

Иштирокчилар адолатли, интеграциялашган ва маҳаллий ресурсларга асосланган соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш орқали 2030 йилга қадар саратонга чалинган болаларнинг яшовчанлик кўрсаткичини 60 фоизга етказиш борасидаги қатъий интилишларини тасдиқладилар.

Шунингдек, болаларда саратон касалликларини даволашдаги ютуқларни қўллаб-қувватлаш ва ўроқсимон ҳужайрали анемияга қарши глобал ташаббусни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг