Замонавий энергетика: Навоий ИЭСда йирик лойиҳа амалга оширилмоқда
Замонавий энергетика: Навоий ИЭСда йирик лойиҳа амалга оширилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Навоий иссиқлик электр станциясида 650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш бўйича йирик инвестиция лойиҳаси жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Лойиҳа дунёдаги етакчи энергетика компаниялари билан ҳамкорликда рўёбга чиқарилмоқда.
Айни пайтда қурилиш ишларида 2400 дан ортиқ мутахассис иштирок этмоқда. Уларнинг асосий қисмини маҳаллий кадрлар ташкил этган ҳолда, техник ишларга хорижий муҳандис-техник мутахассислар ҳам жалб қилинган. Объектда шунингдек. 200 дан зиёд махсус техника воситалари ишга солинган.
Лойиҳа доирасида бошқарув бинолари, газ ва буғ турбиналари, генераторлар, қозон-утилизатор, сув совутиш минораси ҳамда бошқа асосий ва ёрдамчи иншоотлар барпо этилмоқда. Қурилмалар сифати ва ишончлилигини таъминлайдиган Япония, Хитой, Ҳиндистон ва Корея каби давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатилмоқда.
Япониянинг “Mitsubishi Corporation” ва “Mitsubishi Power Ltd.” компаниялари консорциуми лойиҳанинг бош пудратчиси, Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси субпудратчи сифатида иштирок этишмоқда.
Ушбу замонавий буғ-газ қурилмаси ишга туширилгач, йилига қўшимча 4,8 млрд. киловатт-соат электр энергияси ҳамда 200 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш ва 870 млн. кубметр табиий газ заҳирасини тежаш имконияти яратилади.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур лойиҳа мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.