Валюта курслари 14/10/2025
$1 – 12149.55
UZS – 0.07%
€1 – 14087.40
UZS – 0.24%
₽1 – 150.44
UZS – 0.69%
Қидириш
Юртимизда Қозоғистон тиббиёти кунларига старт берилди

Юртимизда Қозоғистон тиббиёти кунларига старт берилди

Юртимизда Қозоғистон тиббиёти кунларига старт берилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.

Хусусан, 2025 – 2026 йилларга мўлжалланган икки давлат Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича асосий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унинг доирасида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.

Масалан, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан Қозоғистоннинг нуфузли клиникалари билан тажриба алмашиш йўлга қўйилган. Қатор тиббиёт олий ўқув юртлари ўртасида ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, биргаликда илмий-тадқиқотлар ўтказиш ҳамда соҳа мутахассислари малакасини ошириш, маҳорат дарслари ва кўргазмали жарроҳлик амалиётлари тобора изчиллик касб этмоқда.

Ушбу алоқаларни янада кучайтириш мақсадида бугун юртимизнинг 4 та ҳудудида Қозоғистон тиббиёти кунларига старт берилди. Бунинг учун мамлакатимизга қўшни давлатнинг 100 нафарга яқин етук тиббиёт ходимлари етиб келди.

Тадбир Самарқанд, Бухоро, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг тиббиёт муассасаларида бўлиб ўтади. Тўрт кун давомида қозоғистонлик юқори малакали мутахассислар иштирокида кардиология, нейрохирургия, травматология, урология, онкология, гинекология, болалар жарроҳлиги, эндокринология ва бошқа йўналишларда тиббий маслаҳатлар, жарроҳлик амалиётлари ва маҳорат дарслари ташкил қилиниши режалаштирилган.

Шунингдек, Миллий тиббиёт маркази ва кардиология, онкология, травматология, фтизиатрия йўналишидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида қўшма юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилади.

Бундан ташқари, Қозоғистоннинг 7 та олий таълим муассасалари вакиллари томонидан Тошкент давлат тиббиёт университетида талабалар ўртасида фан олимпиадаси ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилади.

Тадбир доирасида Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тўртта мобил тиббиёт мажмуаси юртимизга келтирилади. Улар ёрдамида Сирдарё ва Жиззах вилоятларида аҳоли бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилади.

Акциянинг якуний қисми сифатида 17 октябрь куни пойтахтимизда “Ўзбекистон — Қозоғистон: халқ саломатлиги йўлида ҳамкорлик” мавзусидаги форум бўлиб ўтади ва унда алоқаларимиз истиқболлари кўриб чиқилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР