Юк автомашинаси тўқнашуви Андижонда электр узилишига сабаб бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон шаҳарнинг айрим маҳаллалари ҳамда қўшни туманларнинг бир қисмларида юк автомобили электр таянчини уриб юбориши натижасида вақтинчалик электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бугун соат 22:08 да юк автомобили 110 кВ ли «Л-Яйилма-2» электр узатиш линияси таянчи билан тўқнашган. Электр таъминоти узилиши натижасида Андижон шаҳри, шунингдек Андижон ва Олтинкўл туманларининг айрим ҳудудлари — жами тахминан 13 750 нафар истеъмолчилар зарар кўрган.
Ҳозирги вақтда энергетиклар томонидан ушбу носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Вазирлик таъкидлашича, барча ишлар электр таъминотини барқарор ҳолатга қайтаришни тезлаштириш мақсадида устувор тартибда амалга оширилмоқда.