“Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги оширилади

“Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги оширилади

“Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги оширилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Қуйидагилар Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:

16 минг нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш;

“Мутолаа” лойиҳаси доирасида илмий-оммабоп, бадиий китобларни мунтазам ўқиб борувчи ёшларнинг улушини 10 фоизга ошириш;

“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида хорижий тилларни ўзлаштирган ёшлар улушини 30 фоизга ошириш.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 февралдан белгиланган ижтимоий ёрдам турлари Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга ижтимоий шартнома орқали қуйидаги шартлар асосида тақдим этилади:

  • таълим олишни узлуксиз равишда амалга ошириб бориш;
  • таълим жараёнида ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришиш;
  • волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш;
  • “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги лойиҳаларда қатнашиш.

Фармонга кўра, ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаганда босқичма-босқич қуйидаги чоралар қўлланади:

  • ижтимоий шартноманинг бажарилмаган шартларини 15 кун ичида бажариш тўғрисида огоҳлантириш;
  • ижтимоий ёрдам миқдорларини 15 фоиздан 30 фоизгача камайтириш;
  • ижтимоий ёрдам кўрсатишни 1 ойдан 6 ойгача вақтинчалик тўхтатиш;
  • ижтимоий ёрдам кўрсатишни 1 йил ва ундан ортиқ муддатга тўхтатиш.

Ижтимоий шартнома шартларини мунтазам равишда камида 6 ой давомида юқори даражада бажарган ёшлар қуйидагича рағбатлантирилади:

  • унга имтиёзли равишда навбатдан ташқари ижтимоий ёрдам кўрсатилади;
  • энг яхши 1 000 нафар ёшлар ҳар йили бир марта БҲМнинг 3 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади;
  • ёшларнинг ташаббускорлиги ва фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган мукофотларга тавсия этилади.

2026 йил 1 февралдан Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга қуйидаги имтиёзлар берилади:

сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўташ тартиби жорий этилади ҳамда ушбу мақсад учун субсидия ажратиш тартиби бекор қилинади;

“Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали:

  • автомототранспортлар ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курси харажатларини қоплаш бўйича субсидия ҳайдовчилик гувоҳномасининг “А”, “B”, “D” ва “DE” тоифаларини олиш учун тўлаб берилади;
  • касбий ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабаларининг контракт суммаси 50 фоизгача қисми тузилган ижтимоий шартнома шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб тўланади ҳамда 1 ўқув йили учун БҲМнинг 50 бараваридан ошмаслиги лозим;
  • айни бир шахс 1 йил давомида турли ижтимоий ёрдамлардан кўпи билан 2 марта фойдаланиши мумкин.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг