“Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги оширилади
“Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги оширилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Қуйидагилар Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:
16 минг нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш;
“Мутолаа” лойиҳаси доирасида илмий-оммабоп, бадиий китобларни мунтазам ўқиб борувчи ёшларнинг улушини 10 фоизга ошириш;
“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида хорижий тилларни ўзлаштирган ёшлар улушини 30 фоизга ошириш.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 февралдан белгиланган ижтимоий ёрдам турлари Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга ижтимоий шартнома орқали қуйидаги шартлар асосида тақдим этилади:
- таълим олишни узлуксиз равишда амалга ошириб бориш;
- таълим жараёнида ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришиш;
- волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш;
- “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги лойиҳаларда қатнашиш.
Фармонга кўра, ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаганда босқичма-босқич қуйидаги чоралар қўлланади:
- ижтимоий шартноманинг бажарилмаган шартларини 15 кун ичида бажариш тўғрисида огоҳлантириш;
- ижтимоий ёрдам миқдорларини 15 фоиздан 30 фоизгача камайтириш;
- ижтимоий ёрдам кўрсатишни 1 ойдан 6 ойгача вақтинчалик тўхтатиш;
- ижтимоий ёрдам кўрсатишни 1 йил ва ундан ортиқ муддатга тўхтатиш.
Ижтимоий шартнома шартларини мунтазам равишда камида 6 ой давомида юқори даражада бажарган ёшлар қуйидагича рағбатлантирилади:
- унга имтиёзли равишда навбатдан ташқари ижтимоий ёрдам кўрсатилади;
- энг яхши 1 000 нафар ёшлар ҳар йили бир марта БҲМнинг 3 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади;
- ёшларнинг ташаббускорлиги ва фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган мукофотларга тавсия этилади.
2026 йил 1 февралдан Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга қуйидаги имтиёзлар берилади:
сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўташ тартиби жорий этилади ҳамда ушбу мақсад учун субсидия ажратиш тартиби бекор қилинади;
“Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали:
- автомототранспортлар ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курси харажатларини қоплаш бўйича субсидия ҳайдовчилик гувоҳномасининг “А”, “B”, “D” ва “DE” тоифаларини олиш учун тўлаб берилади;
- касбий ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабаларининг контракт суммаси 50 фоизгача қисми тузилган ижтимоий шартнома шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб тўланади ҳамда 1 ўқув йили учун БҲМнинг 50 бараваридан ошмаслиги лозим;
- айни бир шахс 1 йил давомида турли ижтимоий ёрдамлардан кўпи билан 2 марта фойдаланиши мумкин.