Ёнғин хавфсизлигини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди
Ёнғин хавфсизлигини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда ёнғин хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш, фуқаролар ҳаёти ҳамда соғлиғи, жисмоний ва юридик шахслар мулкининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш имкониятини берувчи яхлит ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, ёнғин хавфсизлиги соҳасида комплекс ҳуқуқий, ташкилий ва профилактик чора-тадбирлар ва механизмларни тўлиқ яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда превентив чораларни кучайтириш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, биноларнинг тоифасидан келиб чиқиб, техник талаблар, хусусан, ёнувчан қурилиш материалларини ишлатишни тақиқлаш ва ёнғин натижасида етказилган зарарни қоплашдан ташқари айбдордан товон ундириш (торт лав) институтини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳа билан объектларни ёнғин хавфсизлиги талабларига мослиги бўйича аудитдан ўтказиш тартибини йўлга қўйиш белгиланмоқда. Шу билан бирга, мутасаддиларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъулияти ва шахсий жавобгарлиги оширилиб, лойиҳа ва қурилиш-пудрат ташкилотлари, кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб бериляпти. Қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлари доираси ҳам кенгайтирилмоқда.
Бундан ташқари, суюлтирилган углеводород газини чакана реализация қилиш тартибини бузганлик, ёлғон ёки нотўғри аудиторлик хулосасини тузиш ёки сертификатга эга бўлмасдан аудитда иштирок этганлик учун жавобгарлик механизмлари такомиллаштирилиб, соҳада превентив чоралар кучайтирилмоқда. Қолаверса, шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартиб-таомилларига ноқонуний аралашганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланяпти.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси ёнғинларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, инсон ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, ёнғин хавфсизлиги бўйича аҳоли ва ташкилотлар масъулиятини янада кучайтириш, соҳада нодавлат сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда ёнғин оқибатида етказиладиган зарарларни кафолатли қопланишига қаратилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Депутатлар қонун лойиҳасининг айрим нормалари, хусусан, назарда тутилаётган кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ёнғин аудити билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиш бўйича ўз муносабатларини билдирди. Шунингдек, қонун лойиҳасини тайёрлашда қонунчиликнинг айрим талабларига риоя қилинмагани қайд этилган ҳолда, уни янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.