Ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонун депутатлар томонидан қабул қилинди
Ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонун депутатлар томонидан қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда депутатлар ёнғин хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилишди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш имкониятини берувчи яхлит ёнғин хавфсизлиги тизимини яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга амалдаги қонунчиликда ёнғин хавфсизлиги соҳасида комплекс ҳуқуқий, ташкилий ва профилактик чора-тадбирлар ҳамда механизмлар тўлиқ яратилмаганлиги, айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмаганлиги ушбу соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш заруриятини юзага келтирмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, биноларнинг тоифасидан келиб чиқиб, техник талаблар, жумладан, ёнувчан қурилиш материалларини ишлатишни тақиқлаш ва ёнғин натижасида етказилган зарарни қоплашдан ташқари айбдордан товон ундириш (торт лав) институтини жорий этиш назарда тутиляпти.
Шунингдек, лойиҳа билан объектларни ёнғин хавфсизлиги талабларига мослиги бўйича аудитдан ўтказиш тартибини йўлга қўйиш белгиланмоқда. Қолаверса, мутасаддиларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъулияти ва шахсий жавобгарлиги оширилиб, лойиҳа ва қурилиш-пудрат ташкилотлари, кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳа билан фуқароларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлари доираси ҳам кенгайтириляпти. Бозорлар, савдо комплекслари ҳамда савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорларига ёнғин юзага келиши натижасида учинчи шахсларнинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилгани учун фуқаролик жавобгарлиги, шунингдек ушбу объектларни ёнғиндан суғурта қилиш бўйича мажбурият юкланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Жумладан, депутатлар таклифлари асосида аҳоли манфаатларига зид бўлган айрим нормалар лойиҳа матнидан чиқариб ташлангани, маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари аниқлаштирилиб, ёнғиндан мажбурий суғурта қилишга оид нормалар такомиллаштирилгани таъкидланди.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ёнғинларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, инсон ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, ёнғин хавфсизлиги бўйича аҳоли ва ташкилотлар масъулиятини янада кучайтириш, соҳада нодавлат сектори иштирокини кенгайтириш ҳамда ёнғин оқибатида етказиладиган зарарларни кафолатли қопланишига хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.