Йоахим Лёв Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи бўлиш таклифини рад этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2014 йилда Германия терма жамоасини жаҳон чемпиони қилган немис мураббийи Йоахим Лёв Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи бўлиш таклифини қабул қилмади.
Bild нашри маълумотига кўра, Лёв Берлиндаги Ўзбекистон элчихонаси кўмагида мамлакат Футбол ассоциацияси вакиллари билан онлайн музокаралар ўтказган. У таклифни бир неча кун ўйлаб кўрган, аммо охир-оқибат рад этиш қарорини қабул қилган.
Рад этиш омилларидан бири унинг турмуш ўртоғи Даниэлла Шмиднинг позицияси бўлиб, у турмуш ўртоғининг иш юзасидан бошқа мамлакатга кўчиб ўтишини эмас, балки тинч ҳаётда нафақада қолишини маъқул кўрган.
65 ёшли Йоахим Лёв 2021 йил март ойида Германия терма жамоаси бош мураббийлигидан кетганидан бери ҳеч бир клуб ёки миллий жамоани бошқармаган. 2014 йилда у ФИФА томонидан “Йилнинг энг яхши мураббийи” деб тан олинган.