Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик енгиллаштириляпти
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда мазкур ҳужжат орқали маъмурий жазо чоралари тизимини тўлиқлаштириш, ҳуқуқбузарликка тўғри ва холис ёндашишга хизмат қиладиган нормаларни киритиш таклиф этилгани алоҳида таъкидланди.
Қонун лойиҳасида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишлари учун жавобгар шахс аниқ тартибда белгиланмоқда. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилган бўлса, айрим ҳолатларда маъмурий огоҳлантириш чорасини қўллаш имконияти яратилади. Бу эса ҳуқуқбузарлик оғир бўлмаган ҳолларда фуқароларга нисбатан юмшоқроқ ёндашиш имконини беради.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари, айниқса, жарималарнинг белгиланган муддатда юборилмаслиги орқали фуқароларга бир неча ой ўтиб жавобгарлик юклаш ҳолатларини кескин танқид қилди. Кодекснинг 36-моддасига киритилаётган ўзгартиришлар айнан шундай ҳолатларни бартараф этиш, жарималар қонуний муддатда юборилишини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, фракция йиғилишида маъмурий жазолар турларига “маъмурий огоҳлантириш”ни алоҳида тартиб сифатида киритиш фуқаролар манфаати учун тўғри ва адолатли қадам экани қайд этилди. Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқий онги ошиши билан бирга, жазонинг тарбиявий жиҳати ҳам кучаяди.
Йиғилишда фракция аъзолари лойиҳа қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлаб, уни концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашди ҳамда кўтарилган фикр-мулоҳазалар асосида янада маромига етказиш бўйича таклифлар беришди.