Яшил иқтисодиётга ўтиш 2060 йилга келиб 1,8 миллионгача иш ўринларини яратади
Яшил иқтисодиётга ўтиш 2060 йилга келиб 1,8 миллионгача иш ўринларини яратади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сўнгги йилларда Ўзбекистон атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни камайтириш ва янада «яшил» иқтисодиётга ўтиш сари дадил қадам ташламоқда.
Мамлакат 2055 йилга келиб углерод нейтраллигига эришишни (яъни мамлакат чиқараётган углерод миқдори қисқартирилган ёки қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш ёки табиий тизимларнинг ютиш қобилияти ҳисобига компенсация қилиниши) ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Шу мақсадда ҳукумат узоқ муддатли паст углеродли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Ушбу стратегия чиқиндиларни камайтириш, тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва иқтисодиётнинг барқарорлигини ошириш бўйича асосий чоралар ҳамда йўналишларни белгилайди.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Узоқ муддатли паст углеродли ривожланиш имкониятлари ва йўллари” номли ҳисоботининг якуний тақдимоти бўлиб ўтди.
Ҳисобот иқтисодий ўсишни ҳамда мақсадли тармоқларнинг ривожланишини сақлаган ҳолда Ўзбекистоннинг барқарор, энергетик жиҳатдан хавфсиз ва паст углеродли келажакка ўтишини таъминлашга қаратилган стратегияни амалга оширишнинг аниқ ва амалий механизмларини белгилаб беради.
Шунингдек, ҳужжат миллий ҳамкорларга қайси инвестициялар зарурлиги, тансформацияни қайси тармоқлардан бошлаш кераклиги, давлат органлари ўртасида самарали мувофиқлаштиришни қандай йўлга қўйиш мумкинлиги, ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш учун хусусий ва халқаро молиялаштиришни қандай сафарбар этиш кераклиги каби саволларга жавоб олишга ёрдам беради.
Углерод нейтраллиги шароитида ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти йилига тахминан 5% ўсиши мумкин — бу иқтисодий ривожланиш ва иқлим бўйича мақсадлар бир-бирига зид эмаслигини кўрсатади.
Энергетик мустақилликнинг мустаҳкамланиши: Зарур бўлган «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш чоралари кўрилиб, қайта тикланувчи энергия манбалари ишлаб чиқарилиши оширилган тақдирда, 2060 йилга келиб энергия импортига бўлган эҳтиёж 39% гача қисқариши мумкин (ҳеч қандай чоралар кўрилмаса бу кўрсаткич 73% га тенг бўлади).
2060 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари умумий энергия таъминотининг 60% ини ташкил этади.
Яшил иқтисодиётга ўтиш жараёни 2060 йилгача 1,83 миллион тоза энергия соҳасидаги иш ўринларини яратиши мумкин — бу бугунги энергия соҳасидаги ишчи кучидан икки баравар кўп.
Тоза энергиядан фойдаланиш ҳисобига ҳавонинг тозаланиши 2030 йилгача ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ўлим ҳолатларини 18% га камайтиради.
2045 йилгача ички газ ишлаб чиқариш 75% га қисқариши кутилаётган шароитда, стратегия таъминот узилишлари ва нархлар беқарорлигидан ҳимоя қилади.