Валюта курслари 19/08/2025
$1 – 12497.19
UZS – -0.4%
€1 – 14597.97
UZS – -0.46%
₽1 – 155.71
UZS – -0.83%
Қидириш
Иқтисод 19/08/2025 Япониянинг Sojitz корпорацияси Ўзбекистонга 1 миллиард доллар инвестиция киритади

Япониянинг Sojitz корпорацияси Ўзбекистонга 1 миллиард доллар инвестиция киритади

Сурат: Sojitz

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Япониянинг Sojitz Corporation корпорацияси энергетика, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма соҳаларида йирик лойиҳалар доирасида Ўзбекистонга тахминан 1 миллиард доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Sojitz президенти Косуки Уэмура “O‘zbekiston 24” телеканалининг Tahlilnoma дастурига берган интервьюсида маълум қилди.

Активлари қарийб 20 миллиард долларга етган компания бир қатор муҳим ташаббусларни амалга ошириш ниятида. Улар орасида — Самарқандда давлат-хусусий шериклик асосида давлат шифохонасини қуриш, Сирдарё вилоятида қуввати 1 573 МВт бўлган газ электростанцияси ва Навоий вилоятида қуввати 1 ГВт бўлган шамол электр станциясини барпо этиш мавжуд. Шунингдек, халқаро аэропортни ривожлантиришга ҳам инвестиция киритиш кўзда тутилган.

Косуки Уэмура таъкидлашича, Ўзбекистонга инвестиция киритиш имконияти мамлакат раҳбариятининг қатъияти ва очиқлиги, шунингдек инвесторлар манфаатларини ҳисобга олишга интилиши билан боғлиқ. «Биз мамлакатнинг жадал ривожланишини ва давлат идоралари бизга билдирган ишончини юқори баҳолаймиз. Бу эса лойиҳаларимизни амалга ошириш учун ўзига хос имкониятлар яратади», — деди у.

Жорий инвестициялар доирасида компания аллақачон энергетика ва соғлиқни сақлаш соҳаларига ўн миллионлаб доллар йўналтирган: тахминан 40 миллион доллар — Сирдарё-2 электростанцияси қурилишига, 180 миллион доллар — шамол энергетикасига, 75 миллион доллар — Самарқанддаги шифохонага ва 200 миллион доллар — аэропортга сарфланган.

Барча режалаштирилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 5 миллиард долларга баҳоланмоқда, шундан маълум қисми тўғридан-тўғри Sojitz томонидан амалга оширилади. Компаниянинг Ўзбекистондаги инвестициялари яқин вақтда 1 миллиард долларга етиши кутилмоқда, дея таъкидлади Уэмура.

Sojitz президенти яқинда Ўзбекистонга ташриф буюриб, ҳукумат ва тегишли вазирликлар билан музокаралар ўтказди. Суҳбатларда фақат жорий лойиҳалар эмас, балки келгуси инвестициявий имкониятлар ҳам муҳокама қилинди.

Косукі Уэмура маҳаллий мутахассисларнинг очиқлиги, меҳнатсеварлиги ва юқори малакасини қайд этиб, бу ҳолат узоқ муддатли ҳамкорлик учун ишончли асос эканини таъкидлади.

Sojitz Corporation Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётида фаол иштирок этиш, энергетика, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш соҳаларида стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишга ҳисса қўшиш ниятида.

Шуни таъкидлаш жоизки, компаниянинг Ўзбекистон бозорига қизиқиши 30 йил аввалёқ шаклланган, аммо амалий қадамлар сўнгги йилларда ташланди. 2004 йилда Тошкентда компаниянинг офисини очиш билан бирга ҳамкорликка оид стратегик йўл харитаси ишлаб чиқилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг