Япониянинг Okamoto компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни кенгайтириш имкониятларини ўрганмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари Илзат Касимов Япониянинг Okamoto Corporation компанияси президенти ва бош ижрочи директори Рютаро Окамото билан учрашди.
Музокаралар чоғида томонлар тўқимачилик саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, шунингдек компаниянинг Ўзбекистонда ваколатхонасини очиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Япон делегациясига Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ва тўқимачилик соҳасида тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди. Таъкидландики, Ўзбекистон илғор технологияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда ушбу соҳада ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Okamoto Corporation 1948 йилда Япониянинг Нара префектурасида ташкил этилган. Бугунги кунда компания Япония, Хитой ва Таиландда тўқимачилик фабрикаларига эга бўлиб, АҚШдаги дистрибюторлик компанияси орқали Walmart, Amazon va Costco каби йирик савдо тармоқлари билан ҳамкорлик қилади. Компаниянинг йиллик экспорт ҳажми $100 миллиондан ортиқни ташкил этади.
Томонлар фаол ҳамкорликни ривожлантириш ва Ўзбекистон бозорида қўшма ташаббусларни илгари суриш борасида амалий чораларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.