Япониялик мутахассислар ўзбекистонлик мутахассисларни деменция билан касалланган одамлар учун кундузги марказларни ташкил қилиш бўйича ўқитдилар
Япониялик мутахассислар ўзбекистонлик мутахассисларни деменция билан касалланган одамлар учун кундузги марказларни ташкил қилиш бўйича ўқитдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17–29 январь кунлари Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «ИНСОН» лойиҳаси доирасида деменция, Альтсгеймер ва Паркинсон каби махсус парваришга муҳтож шахслар учун кундузги парвариш марказларини ташкил қилиш талаблари ҳамда кўрсатиладиган хизматлар услубиётини ўргатишга қаратилган ўқув-семинарлар бўлиб ўтмоқда.
2026 йил 1 мартдан бошлаб хулқ-атвори бузилишлари бўлмаган, руҳий касаллик бўйича диспансер назоратида турувчи, 18 ёшдан катта деменция, Паркинсон ёки Альтсгеймер касаллиги ташхиси қўйилган махсус парваришга муҳтож шахслар учун “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати йўлга қўйилади. Бунда махсус парваришга муҳтож шахслар учун Япония тажрибаси асосида хизмат кўрсатувчи кундузги парвариш марказлари ташкил этилади.
Амалий машғулотлар орқали беморлар ҳолатини баҳолаш, хавфсиз ҳаракатланишга ёрдам кўрсатиш, индивидуал парвариш режаларини тузиш ҳамда гуруҳли реабилитация машғулотлари бўйича намунавий тажрибалар тақдим этилди.
Тренингда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларининг ижтимоий хизматларни йўлга қўйиш бўйича масъул ходимлари ҳамда «Мурувват» интернат уйлари раҳбарлари иштирок этмоқда.
Ўқув курслари якунларига кўра, тингловчилар ҳудудларда ушбу йўналишда фаолият юритаётган ходимлар учун тренер сифатида билим ва кўникмаларни етказиши режалаштирилган.