Японияда Наманган вилояти делегацияси муҳим келишувларга эришди
Японияда Наманган вилояти делегацияси муҳим келишувларга эришди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳозирда Японияда бўлиб турган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегация Хиросима префектурасининг амалдаги губернатори Хидэхико Юзаки билан расмий учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати маълумотига кўра, суҳбат давомида икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий, инвестициявий, таълим, туризм ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар саноат кооперацияси, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари, қишлоқ хўжалиги, инновацион технологиялар алмашинуви ва туризм йўналишларида амалий ҳамкорлик бўйича аниқ таклиф ва ташаббусларни кўриб чиқди. Япон томони Наманган вилоятидаги инвестиция муҳити, логистика имкониятлари ва саноат инфратузилмасини юқори баҳолаб, ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида икки ҳудуд раҳбарлари ўзаро алоқаларни институционал даражада мустаҳкамлаш, доимий ишчи гуруҳлар тузиш, шунингдек, тадбиркорлар ўртасида мунтазам учрашувлар ташкил этиш борасида келишиб олдилар.
Мазкур учрашув Наманган ва Хиросима ўртасидаги дўстона муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.