Япония компаниялари Ўзбекистон билан фармацевтика саноатида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди
Япония компаниялари Ўзбекистон билан фармацевтика саноатида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 17 январь куни агентлик биносида Япония савдо-консалтинг компаниялари раҳбарлари билан агентлик директори Абдулла Азизов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Aria Investment Trust МЧЖ, Tobidai Inc, Agnostri Inc, Global Silk Road Inc раҳбарлари ва Japan Uz Trade House МЧЖ вакили иштирок этди.
Учрашув мулоқот тарзида, конструктив руҳда ўтди. Tobidai Inc раҳбари Хомма Даичи таъкидлаганидек, Ўзбекистонда, хусусан “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ҳудудидаги инфратузилма ва жадал иш жараёни катта қизиқиш уйғотмоқда. Компания вакиллари кластер ҳудудида ер олиш шартлари ҳамда “Pharm Service” ДМ хизматлари ҳақида қизиқиш билдирдилар.
Агентлик директори Япониянинг кўп йиллик тажрибасига эга биологик фаол қўшимчалар ҳамда доривор ўсимликлар саноатида фаолият юритувчи корхоналар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида 2026 йилнинг февраль ойида бир неча япон компанияларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкил этиши ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳим экани таъкидланди.