Янги замонавий сузиш ҳавзаларини қуриш харажатлари қоплаб берилади
Янги замонавий сузиш ҳавзаларини қуриш харажатлари қоплаб берилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳукумат қарори билан “Янги замонавий сузиш ҳавзаларини (бассейн) қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Ушбу регламентга мувофиқ, талабгорлар томонидан тақдим этилган дастлабки 100 та сузиш ҳавзасини қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.
Бунда маблағлар 2026 йил 1 февралдан 2028 йил 1 январгача сузиш ҳавзаларини ташкил этиш харажатларининг 50 фоизигача, лекин 100 млн сўмдан ошмаган қисми учун ажратилади.
Талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
- солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги;
- қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги;
- фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган бўлмаслиги;
- суд қарори асосида тўловга қобилиятсиз деб эълон қилинган бўлмаслиги.
Талабгор харажатларни қоплаш учун Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали Туризм қўмитасига ариза билан мурожаат қилади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади: сузиш ҳавзасининг лойиҳа ҳужжатлари нусхаси, сузиш ҳавзасини қуриш ва ишга тушириш учун тузилган пудрат шартномаси нусхаси, шартномага асосан тўлов амалга оширилганини тасдиқловчи электрон ҳужжат нусхалари.
Қўмита харажатларни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида маблағлар талабгорнинг ҳисобварағига ўтказиб берилади.