Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тажрибаси Лиссабонда тақдим этилди
Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тажрибаси Лиссабонда тақдим этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 26-27 январь кунлари Португалиянинг Лиссабон шаҳрида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни жорий этишга қаратилган давлат тузилмаларини бирлаштирувчи "Амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кейинги ҳаракатлар бўйича миллий механизмлар халқаро тармоғи"нинг учинчи халқаро семинари ўтказилмоқда. Уни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси кўмагида Португалия Миллий инсон ҳуқуқлари қўмитаси ташкил этди.
Семинар дунёнинг турли минтақаларидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий механизмлар, халқаро ташкилотлар, БМТ тизими органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва илмий доиралар вакилларини бир жойга тўплади.
Тадбир дастури асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов маъруза қилди. Маърузада Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси идоралараро мувофиқлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмлар тавсиялари мониторингини рақамлаштириш, парламент назорати ва кейинги ҳаракатлар жараёнларида фуқаролик жамияти иштирокини таъминлаш соҳасидаги илғор амалиёт намунаси сифатида тақдим этилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакл ва воситаларини тўлдириши, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиши ҳақидаги 56-модданинг мустаҳкамлангани ушбу тизимни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Шунингдек, Конституцияда давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ташкил этиш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мажбурияти тўғридан-тўғри белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон ўз миллий тажрибасини тақдим этиш учун Лиссабон анжуманига таклиф этилган Марказий Осиёнинг ягона давлати ҳисобланади. Миллий тажриба деганда, жумладан, мамлакат томонидан амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кейинги ҳаракатларнинг миллий механизмларини институционал мустаҳкамлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни амалда бажариш соҳасида эришилган тараққиётнинг халқаро эътирофи акс этган ибратли амалиёт ҳақида сўз бормоқда.
Ялпи мажлислар ва мавзули шўъба йиғилишлари доирасида БМТ шартномавий органлари ва Универсал даврий шарҳ тавсияларининг амалий ижросини таъминлашда “Амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кейинги ҳаракатлар бўйича миллий механизмларнинг халқаро тармоғи” қандай аҳамият касб этиши хусусида атрофлича фикр юритилмоқда. Семинар иштирокчилари бу борадаги тавсияларни кузатиб боришнинг рақамли воситаларидан фойдаланиш, минтақавий ва минтақалараро тармоқларни ривожлантириш, шунингдек, бунда парламентлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамиятини жалб қилиш механизмларини батафсил муҳокама қилмоқдалар.
Семинар мавзуси доирасида айни соҳадаги халқаро мулоқотни чуқурлаштириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбирнинг якуний хулосалари Асунсьон декларацияси ва Марокаш бошқарув асослари негизида ишлаб чиқилган “Амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кейинги ҳаракатлар бўйича миллий механизмларнинг халқаро тармоғи”нинг 2026-2031 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини расман қабул қилишга хизмат қилади.