Янги ишланмаларга асосланган “спин-офф” корхоналари ташкил этилади

Янги ишланмаларга асосланган “спин-офф” корхоналари ташкил этилади

Янги ишланмаларга асосланган “спин-офф” корхоналари ташкил этилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Мамлакатда янги ишланмалар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш тизимини жорий қилиш ҳамда илм-фанни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, олий таълим ва илмий муассасалар муассислигида янги ишланмаларга асосланган “спин-офф” корхоналари ташкил этилади.

2026 йил 1 майдан бошлаб: корхоналар устав фондидаги давлат улушини бошқариш функцияси ишончнома асосида муассисларга берилади ва 5 йил давомида давлат улушини хусусийлаштириш ман этилади;

корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда уларнинг устав фондидаги давлат улуши миқдорини ўзгартиришда Давлат активларини бошқариш агентлиги қарорини қабул қилиш ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг олдиндан розилигини олиш талаб этилмайди;

корхоналар муассисларнинг Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ташкил этилганда, у қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда венчур молиялаштиришга тенглаштирилади;

корхоналарнинг меҳнат жамоаси таркибида муассиснинг профессор-ўқитувчилари (илмий ходимлари) ёки талаба, изланувчилари ҳам фаолият кўрсатиши талаб этилади;

корхонага инвесторлар томонидан инвестиция киритишга оид келишувлар (битим, шартнома, меморандумлар) бўйича ваколатли давлат органининг хулосаси талаб этилмайди.

Янги ишланмаларга асосланган “спин-офф” корхоналари реестри жорий этилади. Бунда:

Реестрга киритилган ҳамда: белгиланган тартибда патентланган илмий тадқиқотлар натижасида яратилган илмий ишланмалар асосида товар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналар ва уларнинг ходимларига 2017 йил 30 июндаги ПФ–5099-сон Фармонда кўзда тутилган имтиёз ва преференциялар татбиқ этилади;

патентсиз илмий тадқиқот натижасида яратилган илмий ишланмалар асосида товар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналар 2026 йил 1 майдан 2029 йил 1 майгача бўлган давр учун фойда солиғини белгиланган солиқ ставкасидан 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлайди.

2026 йил 1 майдан: олимлар ва тадбиркорлар томонидан давлат илмий дастурлари доирасида бажарилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар натижасида яратилган ишланмалар бўйича тажриба-синов ишлари учун кетадиган харажатларнинг бир қисми Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади;

хорижий тиллар бўйича камида С1 даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга ёшларга олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда чет тилларига ихтисослашган ўқув марказларини очиш учун 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йил муддатга БҲМнинг 320 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда бериш тартиби 30 ёшдан ошган шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг