Yandex Uzbekistan светофор чироқларини реал вақтда хариталарда кўрсатади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Yandex Uzbekistan ўзининг навигация хизматларида светофорларнинг чироқларини реал вақтда кўрсата бошлади. Бу орқали ҳайдовчилар ҳатто кўриниш чекланган ҳолатларда ҳам светофорнинг қайси чироғи ёниб турганини билишлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, улар ҳаракат йўналишини олдиндан режалаштириб, чорраҳалардаги ЙТҲлар эҳтимолини камайтиришлари мумкин.
Янги ечим келажакда ҳайдовчиларга "яшил тўлқин" орқали ҳаракатланиш учун оптимал тезликни тавсия қилиш, тирбандликлар ва такси етиб келиш вақти прогнози аниқлигини ошириш имконини беради. Пилот лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Ҳозирда мазкур янгилик Тошкентда синов тариқасида жорий этилган. Айрим ҳудудларда – масалан, Амир Темур шоҳкўчаси ҳамда Тикланиш ва Гулёр кўчалари кесишмасидаги светофорлар тўғрисидаги маълумотлар Yandex Maps ва Navigator хизматларида аллақачон кўрсатилмоқда. Yandex Uzbekistan бу ечимни бошқа шаҳарларга ҳам кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Энди ҳайдовчилар смартфон экрани орқали светофорнинг қайси чироғи ёниб турганини билишлари мумкин. Келгусида эса экранда ҳаракатни қачон давом эттириш мумкинлигини кўрсатувчи тескари таймер ҳам жорий этилади. Бу ўз навбатида ҳаракатдаги кескин бурилишлар ёки тўхташ чизиғида ортиқча тўхташлар сонини камайтиради ва чорраҳалардаги хавф-хатарларнинг олдини олади. Бундай маълумот айниқса, янги ҳайдовчилар учун шаҳарда ҳаракатланишни енгиллаштиради.
Светофорлар ҳақидаги маълумот навигация хизматларига манзилга етиб бориш вақти прогнози аниқлигини оширишга ёрдам беради. Бу ҳисоб-китобларда энди ўртача эмас, балки ҳақиқий тўхташ вақтлари инобатга олинади. Шунингдек, ҳайдовчиларга бир нечта чорраҳалардан яшил чироқда ўтиб кетиш учун рухсат этилган оптимал тезликни тавсия қилиш мумкин бўлади. Қўлланманинг бошқа шаҳарларга ҳам татбиқ қилиниши ёқилғи тежамкорлигига ҳисса қўшади. Технология тирбандликлар прогнозини аниқроқ қилиш ва уларнинг сабабини тушунтириш имконини ҳам беради.
Ҳозирда светофорлар ҳақидаги маълумотлар Yandex Maps, Navigator ҳамда Apple CarPlay ва Android Auto дастурларида мавжуд. Бундан ташқари, ушбу ечим Yandex Go хизматида ҳам жорий қилиниши мумкин. Бу такси чақириш ва йўл вақти аниқлигини янада оширади.