Yandex Uzbekistan курьерлар учун махсус ишлаб чиқилган электровелосипедларни тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида Yandex компанияси томонидан курьерлар учун махсус ишлаб чиқилган янги электровелосипедлар пайдо бўлди. Улар етказиб бериш жараёнини янада қулай, тез ва хавфсиз қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Электровелосипедларни Yandex Go орқали Тошкентда таом етказиб берувчи курьерлар ижарага олиши мумкин бўлади.
Велосипед смартфонни қувватлаш модули билан жиҳозланган, унинг ўриндиғи эса узоқ сафарлар давомида ҳайдовчи чарчамаслиги учун махсус шаклда ишланган. Курьер сумкаси учун мос келадиган юк жойи бор, у турли ҳолатларда маҳкамланиши мумкин. Чамбарлар кенг қопқоқлар билан тўлиқ ёпилган — бу кийим-кечак ва сумкани чайқалишлардан ҳимоя қилади.
Ишлаб чиқаришда хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Электровелосипед ҳаракат тезлигини автоматик тарзда бошқариш модули билан жиҳозланган: у шаҳарнинг маълум қисмларида белгиланган тезлик чекловидан ошишга йўл қўймайди. Батарея хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беради, ўз-ўзидан ёнғин чиқишидан ҳимояланган ва мониторинг тизимига эга.
Электровелосипеддан йилнинг исталган фаслида фойдаланиш мумкин. Унинг электроникаси ва тормоз тизими тўлиқ герметик бўлиб, ёмғир ёки қор унинг ишлаш қобилиятига таъсир қилмайди. Агар батарея тугаган бўлса, уни тезда алмаштириб, ишни давом эттириш мумкин.
Ҳозирда Тошкентда 100 та янги электровелосипед мавжуд. Yandex жорий ёз охирига қадар уларнинг сонини 500 тага етказишни режалаштирмоқда.