Валюта курслари 21/10/2025
$1 – 12060.15
UZS – -0.4%
€1 – 14064.55
UZS – -0.74%
₽1 – 148.87
UZS – -0.15%
Қидириш
Yandex Uzbekistan барқарор ривожланиш соҳасидаги натижаларини тақдим этди

Yandex Uzbekistan барқарор ривожланиш соҳасидаги натижаларини тақдим этди

Yandex Uzbekistan барқарор ривожланиш соҳасидаги натижаларини тақдим этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Yandex Uzbekistan барқарор ривожланиш соҳасидаги илк ҳисоботини тақдим этди. Ҳисобот жамият учун муҳим бўлган ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни ўз ичига олади.

Компания хизматлари, хусусан, Ўзбекистондаги юз минглаб инсонлар учун таълим ва бандлик имкониятларини яратиб бермоқда. Жумладан, жорий йилда Yandex Uzbekistan мамлакатда сунъий интеллект соҳаси бўйича етук мутахассисларни тайёрлайдиган илк мактабни очди, компания ҳамкорлари эса 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 340 миллион доллардан ортиқ даромад топишга муваффақ бўлди (2024 йилнинг шу даврига нисбатан +50%).

Компания фаолиятида яна бир муҳим йўналиш — ўзбек тили ва маданиятини рақамли маконда ривожлантиришдир. Масалан, Yandex Search интернетдан 11,6 миллион матнни ўзбек тилида фойдаланиш учун очиқ ҳолатга келтирди, Yandex Maps эса Ўзбекистон харитасига 27 та архитектура ёдгорлигининг 3D-моделларини қўшди.

IT-таълим ва кадрлар тайёрлаш

Yandex Uzbekistan’нинг барқарор ривожланиш стратегиясидаги энг муҳим йўналишлардан бири — таълимни қўллаб-қувватлашдир. Компания мактаб ўқувчилари учун дастурлаш бўйича бепул курслар ташкил этмоқда, ўқитувчиларни нейротармоқлар ва Python билан ишлашга ўргатмоқда, шунингдек, мутахассислар учун ҳақ тўланадиган амалиётлар ва интенсив ишланма курсларини амалга оширмоқда.

2025 йилда компания Yandex Uzbekistan Coding and Math Contest танловини ўтказди — унда 87 нафар финалчи иштирок этди. Шунингдек, Technovation Girls халқаро дастури қўллаб-қувватланди — унда 1,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қиз иштирок этди ва 329 та мустақил лойиҳа тақдим этилди. 2025 йил октябридан эътиборан Yandex ML School — Ўзбекистонда сунъий интеллект мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган илк мактаб ўз фаолиятини бошлади. Лойиҳа New Uzbekistan University билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда ва ўқишга тахминан 3 мингта ариза қабул қилинди.

Бундан ташқари, компания ҳудудларда хакатонлар ўтказиб, қатнашчиларни ақлли шаҳар, хавфсизлик ва инклюзия йўналишида инновацион ечимлар ишлаб чиқишга жалб қилмоқда.

Ҳамкорлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш

Yandex Uzbekistan’нинг яна бир устувор йўналиши — платформавий бандликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзбекистонликлар учун даромад топиш ва бизнес юритишга ёрдам берадиган ечимлар яратишдир. 2025 йилнинг ёзида компания Ўзбекистонда илк бор Yandex Go орқали буюртма бажарадиган ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи ва курьерлар учун солиқ тўлаш жараёнини автоматлаштирди.

Бу ижрочиларнинг маъмурий юкини сезиларли даражада камайтирди. 2024 йил давомида Yandex Go билан ҳамкорлик қилган ҳайдовчи, курьер ва хизматлар ҳамкорлари $500 млн даромад олди, 2025 йилнинг биринчи ярмида эса бу кўрсаткич $340 млн’га етди — бу ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 50% кўпроқдир.

Кичик ва ўрта бизнеслар учун Yandex Ads’нинг нейротармоқ асосидаги инструментлари, Yandex Maps ва Yandex Go хизматларининг логистика ва промоция имкониятлари, шунингдек, Yandex Cloud булут платформаси тақдим этилган. Унинг ёрдамида колл-марказлар фаолиятини автоматлаштириш, овозли ассистентларни (жумладан ўзбек тилидаги) улаш имкони мавжуд.

Ўзбек тили ва маданиятини ривожлантириш

Yandex Uzbekistan ўзбек тилидаги рақамли муҳитни ривожлантириш ва миллий маданиятни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2025 йилда Yandex Search ўзбек тилидаги нейротармоқлар асосида ишлашни бошлади. Бу янгиланиш натижасида 11,6 миллион матн ўзбек фойдаланувчилар учун она тилида очиқ ва фойдаланишга қулай бўлди.

Юртимиз мусиқа саноати ривожига Yandex Music хизмати ҳисса қўшмоқда. 2025 йилда ишга туширилган UCHQUN лойиҳаси ва “Менинг тўлқиним” сунъий интеллект тавсия тизими ўзбек артистларига мусиқаларини самарали тарғиб қилиш ва янги тингловчиларни топишда ёрдам бермоқда. Yandex Books эса китоб саноатини қўллаб-қувватламоқда — каталогига 900 дан ортиқ ўзбек тилидаги китоблар киритилган.

Yandex Maps эса мамлакатнинг рақамли харитасини Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги меъморий обидаларнинг уч ўлчамли (3D) моделлари билан бойитмоқда. Ҳозирги кунда хизматда 27 та юқори аниқликдаги 3D объект мавжуд — жумладан, Регистон майдони, Пойи-Калон ва Лаби-Ҳовуз мажмулари, Калта-Минор минораси ва Чорсу бозори.

Ижтимоий ва хайрия лойиҳалари

2023 йилдан буён Yandex ННТларни қўллаб-қувватлаш бўйича доимий дастурни ривожлантирмоқда: Yandex Go орқали бепул сафарлар ва етказиб бериш хизматларидан ҳозирда 7 та ташкилот фойдаланмоқда. Ушбу дастур доирасида 25 мингдан ортиқ сафар ва 1,4 мингдан зиёд етказиб бериш хизмати амалга оширилган. Компания, шунингдек, UzAlert қидирув отряди билан ҳамкорлик қилмоқда — 27 мингдан зиёд ҳайдовчи ва 2 минг курьер йўқолган инсонлар ҳақидаги хабарномаларни қабул қилиб, қидирув ҳудудини анча кенгайтиради.

Ҳар йили ўтказиладиган "Саховатли ноябрь" акцияси доирасида Yandex Go хизматлари ва фойдаланувчилари томонидан 189 миллион сўм хайрия ёрдами тўпланиб, “Она уйи”, Teach for Uzbekistan, ONA ва Sharoit Plus фондларига йўналтирилган.

Yandex Uzbekistan’нинг ижтимоий соҳадаги стратегик ҳамкорлик лойиҳаларидан бири — ногиронлиги бўлган мактаб ўқувчилари учун транспорт ташкил этиш ташаббуси бўлиб, у 14 та шаҳарда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа махсус эҳтиёжли болалар учун қулай ва хавфсиз транспорт орқали таълимга етарли имконият яратишни мақсад қилади.

«Ижтимоий такси — бу давлат органлари ва хусусий сектор ўртасидаги самарали ҳамкорлик намунасидир. Бундай лойиҳалар орқали технологиялар ҳақиқатан ҳам одамлар манфаати йўлида хизмат қила бошлайди. Yandex Uzbekistan нафақат ўз хизматларини муваффақиятли ривожлантиряпти ва даромад топиш имкониятлари яратмоқда, балки технологиялар жамиятга қандай фойда келтириши мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлайди. ESG-ҳисоботнинг эълон қилиниши — бизнеснинг жамият олдида очиқлиги ва масъулиятининг яққол намунасидир», — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Усмон Шарифхўжаев.

Шаҳар муҳити ва хавфсизлик

Yandex Uzbekistan ҳам хавфсиз, экологик тоза ва қулай шаҳар муҳитини ривожлантириш устида иш олиб бормоқда. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида автобусларнинг ҳаракатини, светофор сигналларини ва тез ёрдам машиналарининг йўналишини онлайн кузатиш мумкин. Йўлларда хавфсизликни ошириш мақсадида Yandex Go такси хизматларида йўналишдан оғиш ёки кескин манёврларни аниқлайдиган технологиялар қўлланилади, электросамокатларда эса тезлик чеклови мавжуд. Шунингдек, таксида атроф-муҳитга кам таъсир кўрсатувчи «Электро» тарифи жорий қилинган бўлиб, унда электромобиллар фойдаланилади ва улар чиқиндилар ҳамда шовқин даражасини камайтиради.

Рақамли хизматлардан фойдаланиш имконияти

Yandex Uzbekistan барча фойдаланувчилар, жумладан, имконияти чекланган одамлар учун ҳам хизматларни янада қулай қилишга интилмоқда. 2025 йил июнь ойи якунига келиб, Yandex’нинг 9 та хизмати кўриш имконияти чекланган фойдаланувчилар учун мослаштирилган, Yandex Maps хизматларида эса ногиронлиги бор инсонлар учун қулайликлар ҳақида маълумот берувчи 19 мингдан ортиқ махсус карточкалари жойлаштирилган.

Yandex Go’даги Такси хизмати ҳам имконияти чекланган йўловчи ва ҳайдовчилар учун қулайликни оширишга қаратилган ечимларни жорий этмоқда. 2023 йил апрелидан бери имконияти чекланган йўловчилар Такси орқали 535 мингдан ортиқ сафар амалга оширган. Буюртма бериш пайтида улар учун махсус опциялар — масалан, “Ногиронлик аравасида бўламан” танлови мавжуд.

Яхши эшитмайдиган ҳайдовчилар учун Yandex Pro иловаси ҳам мослаштирилган: унда ёруғлик сигналлари, визуал хабарномалар ва йўловчи билан мулоқот қилиш учун чат функцияси жорий этилган.

Yandex Uzbekistan’нинг барқарор ривожланиш бўйича тўлиқ ҳисоботи қуйидаги ҳаволалар орқали мавжуд: рус тилидаги версия, ўзбек тилидаги версия.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг