Yandex Go карлар учун “Такси” хизматини мослаштирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Yandex Go ҳайдовчилар учун платформани янгилади: эндиликда хизматга телефон қўнғироқларисиз — кар ва заиф эшитувчи шахслар учун мослаштирилган веб-сайт орқали уланиш мумкин.
Ўқув материаллари ишора тилида тақдим этилган, автомобилларда эса ҳайдовчи ва йўловчилар ўзаро мулоқот қилишлари учун махсус карточкалар жорий этилган. Ўзбекистонда Yandex Go билан 700 нафар кар ва заиф эшитувчи ҳайдовчилар ҳамкорлик қилмоқда. Улар ойига 35 000 дан ортиқ сафарни амалга оширишади.
Ушбу янгиланишлар ҳар йили сентябрнинг сўнгги якшанбасида нишонланадиган Халқаро карлар куни муносабати билан жорий этилган. Барча ўзгаришлар эшитиш қобилияти чекланган ҳайдовчиларнинг тажрибаси ва фикр-мулоҳазалари асосида ишлаб чиқилган.
Энди хизматга уланиш алоҳида сайт орқали амалга оширилади — бутунлай матнли шаклда, қўнғироқ қилиш талаб этилмайди. Ҳайдовчи анкета тўлдиргандан сўнг, қўллаб-қувватлаш хизмати у билан мессенжерда боғланади. Шунингдек, Yandex Pro ижрочилар иловасидаги ўқув материаллари ишора тилига таржима қилинди.
Йўловчилар билан мулоқотни енгиллаштириш мақсадида автомашиналарда «Кар ёки заиф эшитувчи ҳайдовчи» деб ёзилган ёстиқ ғилофлар ва мулоқот учун махсус карточкалар жойлаштирилган. Улар орқали, масалан, ҳайдовчидан кондиционерни ёқиш ёки мусиқа қўйиш сўралиши мумкин.
Таксопарклар учун эса мутахассислар кар ва заиф эшитувчи ҳайдовчилар билан тўғри ва самарали мулоқотни йўлга қўйишга ёрдам берадиган қўлланма тайёрлади. У Yandex Pro томонидан очиқ фойдаланиш учун жойлаштирилди, шундай қилиб такси соҳасида ишлаш эшитишда муаммоси бор инсонлар учун ҳам борган сари очиқ ва қулай бўлиб бормоқда.
Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги матбуот котиби, Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Дилфуза Рўзметова: «Биз учун ногиронлиги бўлган инсонлар касбий фаолиятда тенг имкониятларга эга бўлиши ва мамлакатнинг иқтисодий ҳаётида тўлақонли иштирок этиши принципиал аҳамиятга эга. Yandex Go’нинг бу каби ташаббусли лойиҳалари бизнеснинг ижтимоий масъулиятли бўлиши ва инклюзия масаласида ҳамкорлик қила олишини кўрсатади. Хизматларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш фақат янги иш ўринлари яратиш билан чекланиб қолмайди — балки ҳурмат, тенг ҳуқуқ ва очиқ имкониятлар маданиятини шакллантиради. Биз бундай қадамларни юксак баҳолаймиз ва Ўзбекистонда бепардаш тўсиқсиз жамият қуришга ёрдам берадиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз» дейди.
Тошкент шаҳри ногиронлар жамияти ННТ «Шароит Плюс»нинг ҳаммуассиси ва лойиҳалар раҳбари Дилмурод Юсупов: «Бу ташаббус бизнеснинг ногиронлиги бўлган одамлар жамоаси эҳтиёжларига қулоқ тутиб, инклюзив йўналишда ривожланиши ва юртимизда ижтимоий ўзгаришлар учун туртки ярата олишининг ёрқин намунасидир. Биз кар ва заиф эшитувчи ҳайдовчилар учун иш ўринлари яратиш борасида Яндекс билан ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз. Муҳими, бу ечимлар эшитиш имконияти чекланган ҳайдовчиларнинг ўз фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган. Бу эса Ўзбекистонда очиқ меҳнат бозорида янги стандартни белгилайди ва бошқа компанияларга ҳам инклюзивликка инвестиция киритиш — барча учун бепоён имкониятлар яратадиган жамият қуришга қўшилган ҳисса эканини намоён этади» дея таъкидлади.
Аввалроқ Yandex Pro иловасида эшитишда муаммоси борлар учун махсус имкониятлар пайдо бўлган эди. Агар бу функциялар ёқилса, буюртма келиб тушганда ҳайдовчининг смартфони титрайди ва экрани ёниб ўчади. Йўловчилар ва қўллаб-қувватлаш хизматига буюртмани кар ёки заиф эшитувчи ҳайдовчи бажараётгани ҳақида огоҳлантириш юборилади. Бу ҳолда «Қўнғироқ қилиш» тугмаси фаол бўлмайди, мулоқот фақат чат орқали амалга оширилади.
Ушбу имкониятларни ҳайдовчилар қўллаб-қувватлаш хизмати орқали ёқишлари мумкин — сўров кўриб чиқилгандан сўнг, хизмат интерфейси янгиланади.