Валюта курслари 29/12/2025
$1 – 12057.32
UZS – -0.18%
€1 – 14192.67
UZS – -0.29%
₽1 – 155.16
UZS – -0.05%
Қидириш
Ягона Ижтимоий реестр юритилади

Ягона Ижтимоий реестр юритилади

Ягона Ижтимоий реестр юритилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 февралдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва Камбағал оилалар реестри негизида ягона Ижтимоий реестр юритилади.

Ижтимоий реестр – “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида юритилиб, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилалар (шахслар)ни аниқлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш вазифаларини бажаради.

Ижтимоий реестрда оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, “давлат таъминотидаги оила”, “камбағал оила” ва “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифаларига ажратилади.

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг тоифаларини белгилашнинг қуйидаги тартиб жорий этилади:

оила аъзолари меҳнатга лаёқатсиз ёки меҳнат қилиш имконияти чекланган ва уларнинг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган белгиланган оилалар “давлат таъминотидаги оила” тоифасига киритилади;

оила аъзолари меҳнатга лаёқатли ёки меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган ва уларнинг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар “камбағал оила” тоифасига киритилади;

оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,5 бараваригача бўлган қуйидаги оилалар “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига киритилади:

“давлат таъминотидаги оила” ёки “камбағал оила” тоифаларидан чиқарилган оилалар;

“маҳалла еттилиги”нинг тавсияси асосида Фармонда белгиланган оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оила деб топилган оилалар.

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

“давлат таъминотидаги оила” тоифасидаги оилаларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар, шу жумладан, болалар нафақаси ва моддий ёрдам улар мазкур тоифада бўлган даврида оила аъзоларининг бандлик ҳолатидан қатъи назар ва қўшимча мурожаат талаб этмаган ҳолда кўрсатиб борилади.

Бунда оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати оила Ижтимоий реестрга киритилгандан 12 ойдан сўнг қайта баҳоланади, бундан оиланинг ҳолати вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари орқали ўрганилиши мустасно;

“камбағал оила” тоифасига киритилган оилаларга:

болалар нафақаси ёки моддий ёрдам улар тайинланган вақтдан эътиборан 6 ой давомида оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг расмий бандлигини таъминлаш шарти билан тайинланади;

меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг расмий бандлиги таъминланганда болалар нафақаси ёхуд моддий ёрдам қўшимча мурожаат талаб қилмаган ҳолда узлуксиз тўлаб борилади;

оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг расмий бандлигини таъминлаш шарти бажарилмаганда болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўлаш тўхтатилади.

Бунда оила болалар нафақаси ва моддий ёрдам олиш учун қайта мурожаат қилганда “камбағал оила” тоифасига киритилгани учун оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлигини истисно этувчи қоида 6 ой давомида қўлланмайди;

“камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига киритилган оилаларга:

болалар нафақаси ёки моддий ёрдам оилалар мазкур тоифага киритилган вақтдан эътиборан 6 ой давомида тўланади;

оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,25 бараваригача бўлганда, уларга тўланадиган болалар нафақаси ёки моддий ёрдамнинг миқдори ушбу нафақа ёки моддий ёрдамнинг 75 фоизини ташкил этади;

оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг 1,25 бараваридан 1,5 бараваригача бўлганда эса тегишли нафақа ёки моддий ёрдамнинг 50 фоизини ташкил этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг