Хусанов «Манчестер Сити»га Англия Кубоги ярим финалига чиқишда ёрдам берди
Хусанов «Манчестер Сити»га Англия Кубоги ярим финалига чиқишда ёрдам берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Манчестер Сити» «Этиҳад» стадионида бўлиб ўтган чорак финал учрашувида «Ливерпуль»ни 4:0 ҳисобида йирик мағлубиятга учратиб, Англия Кубоги ярим финалига ишончли йўл олди. Учрашув қаҳрамони норвегиялик ҳужумчи Эрлинг Холанд бўлиб, у хет-трик муаллифига айланди.
Ҳисобни 39-дақиқада Холанднинг ўзи пенальтини аниқ амалга ошириш орқали очди. Танаффус арафасида, 45-дақиқада, у ўйиндан киритилган зарба билан «Ливерпуль»нинг грузиялик дарвозабони Георгий Мамардашвили дарвозасини яна ишғол қилди. Учрашув қайта бошланиши билан, 50-дақиқада, Гана терма жамоаси ҳужумчиси Антуан Семеньо ҳисобни оширди, 57-дақиқада эса Холанд учрашувдаги учинчи голини киритиб, хет-трикни расмийлаштирди.
64-дақиқада «Ливерпуль» ҳисобни қисқартириш имкониятига эга бўлди: Муҳаммад Салоҳ пенальти тепди, бироқ «шаҳарликлар» дарвозабони Жеймс Траффорд мисрлик футболчининг зарбасини қайтариб, дарвозани дахлсиз сақлаб қолди.
Учрашувда эътиборга лойиқ жиҳатлардан бири — ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Хусановнинг ўйини бўлди. У Хосеп Гвардиола шогирдлари сафида асосий таркибда майдонга тушиб, барча 90 дақиқа давомида ўйнади. Sofascore портали унинг ўйинини 7,4 баллга баҳолади.
«Манчестер Сити»нинг ярим финалдаги рақиби 5 апрель кунига белгиланган қуръа ташлаш натижасида аниқланади — у «Вест Хэм» ва «Лидс» ўртасидаги сўнгги чорак финал баҳсидан кейин маълум бўлади.
#Аюдуқодир Ҳусанов