Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари товламачиликда гумонланиб қўлга олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассиси ўзаро тил бириктириб, ноқонуний бойлик орттиришни мақсад қилишади.
Улар, тасарруфида 452 гектар ер майдони бўлган чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликни келгуси йил шоли етиштириш тақсимотига киритиш, экспорт режаси бажарилганлигини тасдиқлаш, тақсимотсиз шоли етиштирган ҳолатига нисбатан чора кўрмаслик, шунингдек, гўёки Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тумандаги фермер хўжаликлари фаолияти бўйича ўтказилаётган текширувда уни ҳимоя қилиш эвазига хўжалик раҳбаридан жорий йилнинг июнь ойида 10 минг АҚШ доллари олишади.
Кейинроқ эса ҳокими ўринбосари ер майдонини давлат захирасига олиб қўйиш ва фермер хўжалик раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғаттириш билан таҳдид қилиб, қўшимча 20 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини ўзининг ҳамтавоғи бўлган мутахассис орқали олган вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассисига нисбатан Жиноят Кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.