Валюта курслари 14/07/2025
$1 – 12615.07
UZS – -0.15%
€1 – 14754.59
UZS – -0.45%
₽1 – 162.02
UZS – -0.22%
Қидириш
Иқтисод 14/07/2025 Хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари учун Зарчоб-3 ГЭС га пресс-тур ташкил этилди

Хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари учун Зарчоб-3 ГЭС га пресс-тур ташкил этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Янги Ўзбекистонда энергетика тармоғини жадал ривожлантириш, барқарор ва узлуксиз электр энергиясини ишлаб чиқариш, бу борада, қайта тикланувчи энергия манбаларига алоҳида эътибор қаратиш, хусусан, гидроэнергетика соҳасида янги ГЭСларни ишга тушириш, мавжудларини изчил модернизация қилиш борасида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан кенг кўламли фаолият олиб борилмоқда.

Жамият мамлакатимизда табиий сув энергияси салоҳиятидан ҳар томонлама оқилона ва самарали фойдаланмоқда.

Ана шундай истиқболли лойиҳалардан бири – Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани Тўполанг дарёсида қад ростлаган, 16 МВт қувватга тенг Зарчоб-3 кичик ГЭСдир.

Хабарингиз бор, ушбу ГЭС қурилишига муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 17 ноябрда Сурхондарё вилоятига амалга оширган ташрифи доирасида старт берилган эди. Ушбу кичик ГЭС қурилиши қисқа даврда амалга оширилиб, 2024-2025 йилларда – қарийб 1,5 йил давомида қурилиб битказилди.

Маҳаллийлаштириш доирасида, Зарчоб-3 ГЭС қурилишида деярли аксарият йўналишларда Жамиятнинг тўлиқ ўз кучидан фойдаланилди.

12 июль куни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари ҳамда журналистлар учун Зарчоб-3 кичик ГЭС объектига пресс-тур ташкил этилди.

Мазкур ГЭС Тўполанг дарёси бўйида қад ростлаган йирик лойиҳанинг мантиқий давоми бўлиб, нафақат Сариосиё тумани, балки бутун Сурхондарё вилояти аҳолиси учун қўшимча қувват манбаини етказиб беради.

Ҳозирги кунда Зарчоб-3 кичик ГЭС синов-тест режимида электр энергия ишлаб чиқармоқда.

Айтиш жоизки, ушбу лойиҳа мамлакатимиз янги тарихида ўзига хос аҳамиятга эга болиб, бир дарё ўзанидан “занжир кетма-кетлиги” асосида қайта-қайта электр энергия олишни англатади. Эндиликда, самарадорлик нуқтаи назаридан Тўполанг дарёсидан каскад кўринишидаги ГЭСлар орқали
5-6 маротаба электр энергия олинмоқда.

Лойиҳанинг фойдаланишга топширилиши натижасида йилига ўртача
70 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса, 23 200 та хонадон ёки қарийб 93 000 нафар аҳолини электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, йиллик 19 млн метр куб газ иқтисод қилинишига эришилади.

Пресс-тур доирасида, шунингдек, Жамият Ахборот хизмати бошчилигидаги иштирокчилар жамоаси “Тўполанг ГЭС” филиали ҳамда Тўполанг сув омбори фаолияти, “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” кичик ГЭСлари, Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминоти доирасида амалга оширилаётган “Мега лойиҳа” билан ҳам яқиндан танишдилар.

Гидроэнергетика соҳасининг изчил тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, туманлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, халқимиз фаровонлигини ортишига мустаҳкам замин яратади. Бу борада, Жамиятимиз маҳаллий ва хорижий нуфузли босма ва электрон ОАВ, теле- ва радиоканаллар, блогер ва журналистлар жамоаси билан изчил ҳамкорликни давом эттиради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг