Хорижий корхона томонидан табиатга 7 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан Самарқанд вилояти Булунғур туманида жойлашган “S. I.” хорижий корхонаси фаолияти юзасидан текширув ўтказилди.
Текширувда аниқланишича, 2024 йил 25 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” ДМнинг 2024 йил 23 октябрдаги 44-сонли қарорига асосан Самарқанд вилояти Булунғур тумани марказидан 7,7 км шимолий-ғарбда жойлашган 11,3 гектар майдондаги лёссимон жинсдан иборат бўлган “Жомбой 3” участкасида геологик қидирув ишларини ўтказиш учун электрон онлайн аукцион ўтказилган.
Аукционда “S. I.” хорижий корхонаси ғолиб деб топилиб, 2024 йил 27 ноябрда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан геологик қидирув ишларини ўтказиш учун рухсатнома берилган.
Бироқ корхона қазиб олиш учун тегишли тартибдаги рухсатномани расмийлаштирмаган ҳамда геологик ўрганиш мақсадида берилган рухсатнома ҳамда аукцион шартларида кўрсатилган талабларга риоя қилмаган ҳолда норуда қазилмаларни ноқонуний қазиш ишларини амалга оширган.
Ўлчов ишлари амалга оширилганда хорижий корхона томонидан 50 859,25 м3 тупроқ (лёссимон жинслар) ноқонуний қазиб олинганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат натижасида Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-48-моддалари ҳамда “Ер қаъри тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддаси талаблари бузилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 ноябрдаги 666-сон қарорига асосан табиатга 7 миллиард 374 миллион 591 минг 250 сўм зарар етказилганлиги ҳисобланди.
Тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилди.