Хоргос чегара пункти Хитой–Европа темир йўл йўналишида юк ташиш ҳажми бўйича рекорд даражада ўсишни намоён этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой Халқ Республикасининг Синьцзян-Уйғур автоном районида жойлашган Хоргос чегара назорати пункти Хитой ва Европа ўртасидаги темир йўл юк ташиш йўналишида энг муҳим транспорт-логистика марказларидан бири сифатида ўз позициясини мустаҳкамлаб бормоқда. «Синьхуа» ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Хоргос орқали 471 минг стандарт 20-футли контейнер (TEU) ташилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26 фоизга кўпдир.
2016 йилда Хоргос орқали Хитой–Европа йўналиши бўйича биринчи юк поезди йўлга қўйилганидан буён 88 та халқаро темир йўл йўналиши очилган бўлиб, улар 18 та мамлакатдаги 46 та шаҳарни боғлаган. Ҳар йили ушбу чегара пункти орқали 100 мингдан ортиқ турдаги товарлар ташилади. Бу «Бир камар – бир йўл» ташаббуси доирасида барқарор ва юқори самарали логистика йўлакларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Юк оқими ўсишининг асосий омилларидан бири — замонавий логистика ечимларининг жорий этилишидир. Жорий йилнинг май ойида Хоргос божхонаси Хитойда биринчи бўлиб «ақлли темир йўл чегара пункти + манзилда тезлаштирилган расмийлаштириш» моделини амалиётга татбиқ этди. Бу чора импорт юклар учун расмийлаштириш вақтини 2–3 кундан 16 соатгача қисқартириш имконини берди. Шунингдек, қайтиб келаётган поездлар учун ўртача юк ортиш вақти ҳозирда тахминан 2 соатни ташкил этмоқда.
Айни пайтда Хоргос орқали ҳар куни Хитой–Европа йўналишида 27 тадан ортиқ поезд ўтмоқда. Божхона хизмати куну-тун ишлайди ва юклар келиши биланоқ уларнинг текширувини амалга оширмоқда.
Халқаро логистика компанияси «Хунъань»нинг Хоргос филиали операциялар директори Хань Синнинг таъкидлашича, фақатгина жорий йилнинг биринчи ярмида улар 1 300 тадан ортиқ поездга хизмат кўрсатишга муваффақ бўлишган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга кўпдир.
Юк ташиш ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида Хоргос божхонаси иш жараёнларини такомиллаштиришни давом эттирмоқда — божхона назорати темир йўл жараёнларига интеграция қилинмоқда, махсус хизмат ойналари ташкил этилмоқда, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари эҳтиёжларига мувофиқ индивидуал логистика ечимлари таклиф этилмоқда.