Хоразм вилоятида коррупцияга қарши курашиш ҳолати Миллий кенгаш йиғилишида танқидий муҳокама қилинди
Хоразм вилоятида коррупцияга қарши курашиш ҳолати Миллий кенгаш йиғилишида танқидий муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида ўтказилган сайёр мажлисида вилоятда коррупцияга қарши курашиш ҳолати танқидий муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, вилоятда 2025 йилда 2024 йилга нисбатан коррупциявий жиноятлар сони 34 фоизга камайган.
Бироқ, ўтказилган ўрганишлар давомида коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган айрим соҳаларда коррупция омилларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси етарлича таъминланмаётгани аниқланди.
Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ахборот берди.
——2025 йилда вилоятда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлиги ва давлат хизматида тадбиркорлик билан шуғулланишга оид чекловларга оид қонунчиликка амал қилмаганлиги учун 12 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган,, — деди A.Burxanov.
Шунга қарамай, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида ўтказилган ўрганишлар натижасида 60 га яқин бошқарув ходимларининг тадбиркорлик субъектларида таъсисчи ёки раҳбар сифатидаги фаолияти сақланиб қолаётгани маълум бўлди.
Мажлисда коррупцияга қарши курашишга оид вазифаларни амалга оширишда тизимли камчиликларга йўл қўйган 10 нафардан ортиқ масъул раҳбарга нисбатан қатъий чоралар кўриш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритилгани маълум қилинди.
Бу борада соҳаларга масъул раҳбарларнинг тушунтиришлари тингланди.
Мажлисда Ҳазорасп туманини “Коррупциядан холи ҳудуд”га айлантиришга оид алоҳида амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Муҳокама якунида масъуллар зиммасига тегишли вазифалар юкланиб, уларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатилди.