Хоразм маданий мерос объектларини реставрация қилиш учун молиялаштиришни икки баробар оширмоқда: 2026 йилда объектларга 37,5 млрд сўм йўналтирилади
Хоразм маданий мерос объектларини реставрация қилиш учун молиялаштиришни икки баробар оширмоқда: 2026 йилда объектларга 37,5 млрд сўм йўналтирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Сессия кун тартибида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ 14 та муҳим масала кўриб чиқилди.
Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида маҳаллий телеканал ва ижтимоий тармоқлар орқали жонли тарзда эфирга узатилган сессия кун тартибидаги биринчи масала юзасидан вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов сўзга чиқди.
Қайд этилдики, 2025 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 107,9 фоизга бажарилиб 63 триллион сўмни ташкил қилди. Бунда 34 триллион сўмлик саноат ва 35 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Ҳудудда, шунингдек 14 триллион сўмлик қурилиш ишлари ҳамда 37 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилган.
Ҳисобот даврида 102 та лойиҳа доирасида 1,1 миллиард АҚШ долларилик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 456 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.
Вилоят иқтисодиётини янада кўтаришнинг захира ва имкониятлари мавжуд. Айниқса, туризм соҳасини янада ривожлантиришга замин яратилмоқда. Хусусан, ўтган йилда вилоятдаги 8 та маданий мерос объектида 16,3 млрд. сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилган. 2026 йилда ҳам ушбу ишлар давом эттирилиб, таъмирлаш-тиклаш, реставрация ва реконструкция ишлари учун 37,5 млрд. сўм йўналтирилади.
Сессия кун тартибига киритилган бошқа масалалар бўйича вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокими ўринбосарлари ва бошқа масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Кўтарилган барча масалалар депутлар томонидан кенг муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.