Хитойнинг Xianfeng компанияси Ўзбекистонда пойабзал ишлаб чиқаришни очади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон чарм саноатида яна бир халқаро бурилиш бўлиши мумкин: Хитойнинг икки йирик компанияси — Hong Kong Ming Feng Leather International Ltd ва Dongguan Xianfeng Shoe Materials Co., Ltd вакиллари Тошкентда расмий учрашувлар ўтказди.
«Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари М. Заҳидов билан бўлиб ўтган музокараларда томонлар икки йўналишда ҳамкорлик бўйича муҳим келишувларга эришди: бири — тайёр маҳсулот экспорти, иккинчиси — Ўзбекистонда тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш ташкил этиш.
Ming Feng Leather International Ltd компанияси Ўзбекистон бозорини тайёр чарм маҳсулотлари билан доимий таъминлаб турувчи стратегик ҳамкор бўлишга қизиқиш билдирди. Компания вакилларининг айтишича, улар ҳар йили 2 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, айни дамда Ўзбекистондан тайёр чарм маҳсулотларини харид қилиш бўйича музокараларни бошлаган.
Хитой чарм саноатидаги бундай йирик ишлаб чиқарувчи томонидан Ўзбек чармига бўлган талаб — бу нафақат экспорт салоҳиятининг ўсиши, балки брендли халқаро маҳсулотлар таркибида маҳаллий хомашё улушининг ошиши демакдир
Учрашувдаги иккинчи йирик томон — Dongguan Xianfeng Shoe Materials Co., Ltd эса нафақат савдо, балки инвестицион ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ниятида. Компания Ўзбекистондаги чарм саноатига ихтисослашган кичик саноат зоналаридан бирида пойабзал ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишни режалаштирмоқда.
Бу нафақат янги иш ўринлари, балки маҳаллий хомашёни қиймат занжирига қўшиш, технологик алмашинув ва ички бозорда рақобатбардош маҳсулотларнинг кўпайишига хизмат қилади.