Хитойнинг Guizhou Huayu Group компанияси Намангандаги лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда
Хитойнинг Guizhou Huayu Group компанияси Намангандаги лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Гуйчжоу провинциясига ташриф доирасида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Хитой Халқ Республикасининг йирик саноат ва девелопмент компанияларидан бири — “Guizhou Huayu Group” корпорацияси Президенти Жоу Фу билан расмий музокаралар ўтказди.
Учрашув давомида Наманган шаҳрида замонавий реновация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, мазкур йўналишда амалий келишувларга эришилди.
Шунингдек, томонлар балиқчилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқдилар. Мазкур лойиҳалар замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилгани таъкидланди.
Музокаралар давомида Наманган вилояти ҳудудида Гуйчжоу махсус саноат зонасини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилиниб, “Guizhou Huayu Group” корпорацияси томонидан ушбу ташаббусга нисбатан катта қизиқиш билдирилди. Ушбу лойиҳа икки ҳудуд ўртасида саноат кооперациясини чуқурлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва инвестиция оқимини кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Шу билан бирга, ташриф доирасида Наманган вилояти делегацияси “Guizhou Huayu Group” корпорацияси томонидан Гуйян шаҳрида амалга оширилган йирик реновация лойиҳаси билан яқиндан танишди. Хусусан, мазкур лойиҳа доирасида барпо этилган Янги Гуйян шаҳарчаси инфратузилмаси, замонавий шаҳарсозлик ечимлари, турар жой ҳамда ижтимоий объектлар мажмуаси тақдим этилди. Ушбу тажрибани Наманган шаҳрида амалга ошириладиган реновация лойиҳаларида қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар эришилган келишувларни амалий босқичга ўтказиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳлар ташкил этиш ҳамда лойиҳаларни босқичма-босқич амалга оширишга келишиб олдилар.