Валюта курслари 21/08/2025
$1 – 12466.44
UZS – -0.47%
€1 – 14517.17
UZS – -0.77%
₽1 – 155.42
UZS – -0.35%
Қидириш
Иқтисод 20/08/2025 Хитойга парвоз қилиш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон авиаташувчилари сони 8 тага етказилади

Хитойга парвоз қилиш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон авиаташувчилари сони 8 тага етказилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 12 – 14 август кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё-Хитой (С5+1) фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳининг иккинчи конференцияси бўлиб ўтди.

Конференция доирасида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Хитой фуқаро авиацияси администрацияси ўртасида музокаралар ўтказилди. Музокара давомида икки мамлакат ўртасида келишилган авиақатновлар сонини 130 тагача ошириш, Ўзбекистон авиаташувчилари учун рухсат берилган Хитой шаҳарлари сонини кўпайтириш, шунингдек, йўловчи ва юк ташишда Хитойга парвоз қилиш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон авиаташувчилари сонини 8 та етказиш масалалари муҳокама қилинди. 

Музокаралар якунига бўйича тегишли ҳужжат имзоланди. Мазкур ҳужжат Хитой томони ўзининг ички келишув жараёнларини тугатганидан сўнг кучга киритилиши кутилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июнь ойида Хитойнинг Сиань шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё-Хитой (С5+1) фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳининг биринчи конференциясида: 

• Ўзбекистон ва Хитой ўртасида мунтазам парвозларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган авиакомпаниялар сони ҳар бир томондан 3 тадан 6 тага (жами 12 та) ошириш; 

• Ўзбекистон авиакомпаниялари учун Хитой ҳудудидаги парвоз манзиллари сони 9 тадан 12 тага кўпайтириш; 

• Тайинланган авиакомпанияларга икки давлат ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сонини ҳар бир Томондан ҳафтасига 30 тадан 100 тага ошириш; 

• Тайинланган авиакомпанияларга Ўзбекистон ва Хитой ҳудудидаги барча манзиллар орқали учинчи давлатларга ҳафтасига 21 та қатнов билан юк парвозларини амалга ошириш учун 5-ҳаво эркинлигини бериш; 

• Хитой авиакомпанияларга Ўзбекистон ҳудудида Самарқанд ва Нукус, Хитой ҳудудида Ўзбекистон авиакомпанияларига Сиань ва Ченгду шаҳарлари орқали учинчи давлатларга ҳар бир йўналишда ҳафтасига 7 тадан йўловчи парвозларни амалга ошириш учун 5-ҳаво эркинлиги ҳуқуқи бериш; 

• Ўзбекистон авиакомпаниялари учун Хитойнинг Хайнан оролидаги Хайкоу, Санья ҳамда Цюнхай Боао халқаро аэропортларига чекланмаган миқдорда 3,4,5 ва 7 ҳаво эркинликларида парвоз қилиш, Хитой авиакомпаниялари учун Мазкур аэропортлардан Ўзбекистон аэропортларига чекловларсиз парвозларни амалга ошириш ҳуқуқини бериш бўйича келишувга эришилган эди. 

• Мазкур келишувлар натижасида икки мамлакат ўртасида парвозларни амалга ошириб келаётган "Uzbekistan Airways", "China Southern Airlines" ва "Loong Air" авиакомпанияларига қўшимча равишда "Centrum air", "Qanot Sharq", "Air China", "China Eastern Airlines", "YTO Airlines", "North western cargo international" авиакомпаниялари парвозлари йўлга қўйилиб амалдаги ҳафталик йўловчи ташиш парвозлар сони 19 тадан 61 тага, юк ташиш ва транзит парвозлари сони 72 тадан 128 тага оширилди. 

Шунингдек, Тошкентга қўшимча равишда Самарқанд ва Фарғона шаҳарлари, Хитойнинг Пекин, Урумчи, Сиань ва Ченгду шаҳарларига қўшимча равишда Ханчжоу, Гуанчжоу, Шанхай, Санья ва Хайкоу шаҳарлари авиайўловчиларга тўғридан-тўғри парвоз учун янги манзиллар сифатида хизмат қила бошлади. 

Бугунги кунда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 61 та йўловчи ташиш ҳамда 120 дан ортиқ юк ташуви ва транзит парвозлари амалга ошириб келинмоқда. 

Йўловчи ташиш бўйича қатновлар: 

• Тошкент  – Пекин – ҳафтасига 17 та (Uzbekistan Airways - 4 та, Qanot Sharq 2 та, China Southern Airlines - 7 та, Air China 4та);

• Тошкент  – Урумчи ҳафтасига 14 та (Uzbekistan Airways - 4 та, China Southern Airlines 7 та, Air China 3 та);

• Тошкент  – Ханчжоу ҳафтасига 2 та (Uzbekistan Airways)

• Тошкент  – Гуанчжоу ҳафтасига 9 та, (Centrum air – 4 та, Qanot sharq – 2 та, China Southern Airlines 3 та)

• Сиань  – Тошкент ҳафтасига 6 та (Loong Air – 3 , China Eastern Airlines 3 та);

• Ченгду  – Тошкент ҳафтасига 3 та (Loong Air);

• Тошкент  – Шанхай ҳафтасига 1 та, (Qanot sharq);

• Тошкент  – Санья ҳафтасига 5 та (Uzbekistan Airways, Centrum air, Qanot sharq авиакомпаниялари чартер асосида).

• Фарғона  – Урумчи ҳафтасига 1 та (Uzbekistan Airways);

• Сиань  – Самарқанд ҳафтасига 2 та (Loong Air);

• Урумчи  – Самарқанд ҳафтасига 1 та (China Southern Airlines).

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг