Хитой–Европа йўналишида Ўзбекистондан ўтувчи янги муқобил коридор ташкил этилда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ томонидан мамлакатимизда контейнер ташувларини ривожлантириш, транспорт коридорларини диверсификация қилиш ҳамда транзит юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг май ойида Теҳрон шаҳрида Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия темир йўл маъмуриятлари иштирокида ўтган олти томонлама учрашувда Хитойдан Европага контейнер ташувларини янги йўналишларда, Хитой–Қозоғистон–Туркманистон–Эрон–Туркия ҳамда Хитой–Қозоғистон–Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон–Туркия йўлаклари орқали ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Мазкур келишув доирасида йўналишлар самарадорлигини баҳолаш, синов тариқасида контейнер поездини йўлга қўйиш ва тариф имтиёзларини муҳокама қилиш мақсадида 22–23 июль кунлари Пекин шаҳрида CRCT компанияси таклифига биноан навбатдаги олти томонлама учрашув ташкил этилди.
Экспертлар иштирокидаги музокараларда томонлар рақобатбардош тарифлар қўллаш, юк оқимини ошириш, мультимодал транспорт тизимларини жорий этиш ва истиқболдаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма чоралар кўришга келишиб олдилар.