Хитой Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги раҳбарияти билан учрашув ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Хитойга ташрифи доирасида Хитой Халқ Республикаси Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Мазкур учрашувда ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ҳамда икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар икки давлат рақамли секторларининг сўнгги тенденциялари билан ўзаро тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратдилар.
Хусусан, АКТ инфратузилмаси, креатив иқтисодиёт, дастурий таъминот ва IТ аутсорсинг хизматлари ҳамда бошқа бир қатор долзарб йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.