Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Молия 20/06/2025 Хитой Экспорт-импорт банки билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Хитой Экспорт-импорт банки билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков Хитой Халқ Республикасининг Экспорт-импорт банки раиси Чен Ҳуаиу бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Хитой Эксимбанкининг бир қатор масъул ходимлари иштирок этди.

Томонлар дастлаб “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммити доирасида Ўзбекистон ва Хитой давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувлар ижроси нуқтайи назаридан икки томонлама ҳамкорликни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Мулоқот давомида гидроэнергетика, транспорт, телекоммуникация каби инфратузилмавий йўналишлар бўйича қўшма лойиҳаларни молиялаштириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилаётган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хитой Эксимбанки вакиллари Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги барқарор ўрни ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитларни юқори баҳолади. “Бир макон — бир йўл” ташаббуси доирасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш соҳасига инвестицияларни жалб этиш бўйича янги таклифлар муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар халқаро молиявий бозорлар, инвестиция ва инфратузилма ривожи ҳамда молиявий барқарорликни таъминлаш йўналишларида ўзаро маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР