Халқаро таълим дастурлари жорий қилинган техникум ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби белгиланди
Халқаро таълим дастурлари жорий қилинган техникум ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳукумат қарори билан “Халқаро таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Ушбу Низом халқаро таълим дастурлари жорий қилинган техникумларда (техникум) халқаро таълим дастурларини ўқитишга жалб этилган қуйидаги ходимлар учун меҳнатига ҳақ тўлаш, устама белгилаш ва уларни рағбатлантириш тартибини белгилайди: ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари, техникум директори, бош бухгалтер ва Халқаро таълим дастурини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари.
Низомга кўра, ушбу ходимларнинг иш ҳақи миқдорларига ҳар ойлик 100 фоизлик устама Давлат бюджетидан тўланади ҳамда йиллик харажатлар сметаларини тузишда штатлар жадвали ва тарификацияларни шакллантириш жараёнида уларнинг тариф ставкасига қўшимча тарзда белгиланади.
Техникумларда халқаро таълим дастурларини ўқитишга жалб этилган ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига рағбатлантириш миқдорини белгилаш бўйича техникумда доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ тузилади.
Ишчи гуруҳларнинг қарори очиқ овоз бериш орқали ишчи гуруҳлар йиғилишларида иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва ишчи гуруҳлар раҳбарлари томонидан тасдиқланган баённомалар билан расмийлаштирилади.