Халқаро гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Халқаро гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Халқаро гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 10 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Миллий марказ директори А. Саидов билан Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий делегацияси раҳбари Б.Милошевич ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Икки томонлама учрашув нафақат жорий ютуқларни таҳлил қилиш, балки узоқ истиқболдаги ҳамкорлик стратегиясини шакллантиришга ҳам бағишланди.

Суҳбат чоғида томонлар халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалаларига тўхталдилар. Миллий ахборот бюросини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Женева конвенцияларига кўра, давлатлар тинчлик даврида, яъни олдиндан, қуролли можаролар шароитида ҳарбий асирлар, тинч аҳоли ва бедарак йўқолганлар тўғрисидаги маълумотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қиладиган орган – Миллий ахборот бюросини тузишни ёки уни тузиш механизмларини назарда тутишлари шарт. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов шундай Бюрони таъсис этиш масалалари бўйича келишувнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш учун Миллий марказ давлат органлари ва Қизил Ярим Ой жамияти ўртасида боғловчи бўғин бўлишга тайёрлигини тасдиқлади.

Кун тартибидаги муҳим бандлардан яна бири қонунчилик ташаббусларини муҳокама қилиш бўлди. Учрашув иштирокчилари ташкилот фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ аниқ тартибга соладиган Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти тўғрисида махсус қонун ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидладилар. Инсон ҳуқуқлари бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишда ўзини яхши намоён этган дипломатик корпус ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда кенг кўламли маслаҳатлашувлар форматидан қонун лойиҳасини тайёрлашда ҳам фойдаланиш таклиф этилди.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий делегацияси раҳбари Б. Милошевич, шунингдек, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси президенти томонидан олтита ҳаммасиси давлат (Қозоғистон, ЖАР, Бразилия, Хитой, Иордания ва Франция) билан биргаликда давлатларнинг халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя этиш борасидаги сиёсий иродасини мустаҳкамлаш мақсадида йўлга қўйилган «Халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича глобал ташаббус» ҳақида маълумот берди.

Айни пайтда бу борадаги маслаҳатлашув жараёни тиббиёт ва гуманитар соҳа ходимларини ҳимоя қилиш, денгиз уруши, киберхавфсизлик ва халқаро гуманитар ҳуқуқ, автоном қурол-яроғлар, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича миллий комиссияларнинг илғор тажрибаларидан иборат бир нечта тематик йўналишни қамраб олган. Навбатдаги конференцияни 2026 йил декабрь ойида Иорданияда ўтказиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий делегацияси 2026 йил сентябрь ойида ўтказиладиган ва инсон ҳуқуқлари бўйича иккита асосий Пакт – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллигига бағишланадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд юбилей форумининг ҳамташкилотчиси бўлишга таклиф қилинди.

Томонлар ёшлар таълими ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалаларига ҳам тўхталдилар. Хусусан, Женева конвенциялари ва факультатив протоколларини ўзбек тилида лотин имлосида қайта нашр этиш орқали академик муҳитни сифатли адабиётлар билан таъминлаш ҳақида сўз борди. Томонларнинг фикрича, ўқув материалларининг янгиланиши Ўзбекистон юридик олий ўқув юртлари талабалари учун муҳим дастак бўлади.

Маърифат мавзусининг давоми сифатида ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш умумий устувор вазифа бўлиб қолаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан А. Саидов ва Б. Милошевич халқаро гуманитар ҳуқуқ мавзусида миллий эссе танловини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилдилар. Бу танлов нафақат ёшларнинг гуманитар фанларга қизиқишини рағбатлантириш, балки ғолибларга Марказий Осиёдаги йирик минтақавий таълим платформаларида иштирок этишга йўл очиши мумкинлиги таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар яқин ҳамкорликнинг давом эттирилиши мамлакатда гуманитар қадриятлар ва ҳуқуқий стандартларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирдилар. Ишчан ва ўзаро ишонч руҳида ўтган ушбу мулоқот томонлар ўртасидаги шериклик даражаси юқори эканини амалда тасдиқлади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг