Халқаро астронавтика конгресси 2028 – йилда Ўзбекистонда ўтказилиши мумкин
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон космик майдонидаги энг йирик халқаро анжуманлардан бири бўлган International Astronautical Congress (IAC) ҳар йили бутун дунёдан 10 мингга яқин космос саноати етакчилари, соҳада илмий тадқиқотлар олиб бораётган етакчи компания ва агентликлар вакилларини бир мулоқот платформаси атрофида жамлайди.
2023 йилда бу нуфузли тадбирга Озарбайжон Республикаси мезбонлик қилган бўлса, 2024 –йилда конгресс Италиянинг Милан шаҳрида ўтказилди. Жорий йилнинг 29 сентябрь 3 октябрь кунлари эса уни Австралия қабул қилиб олади.
Мазкур йирик миқёсдаги глобал илмий-технологик халқаро конференциянинг аҳамиятли жиҳати шундаки, у орқали мезбонлик қилаётган мамлакатга бир вақтнинг ўзида истиқболли инвесторлар ҳам кириб келади. Айни шу мақсадда Узсосмос вакиллари IАС-2028ъни Самарқандда ўтказиш таклифи билан Ўзбекистон номзодини илгари суришди.
Бу орқали хорижий компания ва агентликларни мамлакатда илмий марказлар, инкубаторлар, технопарклар қуришга жалб этиш, қўшма тадқиқотларда иштирок этишга қизиқтириш, янги стартапларни намойиш этиш имконияти пайдо бўлади.
Маълумот учун: сўнгги йилларда Халқаро астронавтика конгресси (IАС) Милан (2024), Боку (2023), Париж (2022), Дубай (2021), Вашингтон (2019), Бремен (2018) ва Аделаида (2017) каби шаҳарларда ўтказилди ва мазкур мамлакатлар учунсезиларли натижаларни берди. Жумладан, Бирлашган Араб Амирликларида IАС-2021 миллий космик дастурни фаоллаштиришда асосий омил бўлди, хусусан «Ҳопе» миссиясининг Марсга учирилиши ва Миллий космик фан марказининг ташкил этилишига туртки бўлди.
Париждаги IАС-2022 тарихдаги энг йирик конгресс бўлиб, Франциянинг глобал космик соҳада етакчи давлат сифатидаги позициясини мустаҳкамлади ҳамда хусусий секторнинг фаол иштирокига хизмат қилди. IАС-2017дан сўнг Австралия космик агентлиги ташкил этилди. Германия ва АҚШда эса конгресснинг ўтказилиши халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва стартапларни глобал космик иқтисодиётга кенг жалб қилишга ёрдам берди.
Халқаро астронавтика конгрессининг мезбони бўлиш — нафақат илмий салоҳиятни намойиш этиш, балки инвестициялар, технологиялар ва халқаро ҳамкорликларни жалб қилишда стратегик имкониятдир.
Ушбу нуфузли тадбирни Ўзбекистонда ўтказиш имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида Халқаро астронавтика федерацияси ижрочи директори Кристиан Файхтингер Самарқанд ва Тошкент шаҳрида текширув – кузатув ишларини олиб бориб, конгрессни қабул қилишга тайёрлик даражаси, моддий-техник база, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмаси, хавфсизлик, ижтимоий тадбирларни ташкил этиш ҳудудлари билан яқиндан танишди, вазирлик ва идоралар масъуллари билан учрашувлар ўтказди.
Қайд этиш лозим, Узсосмос агентлиги томонидан олиб борилаётган ушбу ташаббус ва саъйи – ҳаракатларнинг негизида Давлатимиз раҳбарининг “2024—2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.