Wildberries компаниясининг Ўзбекистондаги директори Акмал Примқулов
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2022 йилда Wildberries – Россия ва МДҲ давлатларида етакчи онлайн савдо платформаси – Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлади. Шундан бери компания миллионлаб ўзбекистонлик харидорларга товарларнинг жуда кенг танловини тақдим этибгина қолмай, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга халқаро бозорларга чиқишда ҳам ёрдам бермоқда.
Тошкент инвестиция форуми арафасида биз Wildberries компаниясининг Ўзбекистондаги директори Акмал Примқулов билан суҳбатлашдик. Эксклюзив интервьюда у ўзбек электрон савдоси хусусиятлари ҳақида сўзлаб берди ҳамда компаниянинг келгусидаги ривожланиш режалари билан ўртоқлашди.
– Онлайн савдо бозорининг Ўзбекистондаги ҳолатини қандай баҳолайсиз? Мамлакатдаги дастлабки бир неча йилда Wildberries қандай натижаларга эришди?
– Ўзбекистонда электрон тижорат бозори жадал ривожланмоқда ва улкан салоҳиятга эга. Ҳозирда унинг ҳажми йилига 1 миллиард доллардан ошди, бу Ўзбекистондаги чакана савдо ҳажмининг тахминан 4 фоизини ташкил этади. Солиштириш учун айтсак: Россияда электрон тижоратнинг улуши 16 фоизни, Қозоғистонда эса 14 фоиздан кўпроқни ташкил этади. Бу рақамлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда онлайн савдо янада ўсиши мумкин.
Ўзбекистонда электрон тижорат ривожланиши учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд: мобиль интернет, ёш аҳоли, иқтисодиёт ва даромадлар ўсиши. Технологиялар ва тажрибага эга халқаро маркетплейсларнинг – жумладан, Wildberriesнинг мамлакатга кириб келиши – бозор ривожини тезлаштирди ва рақобатни кучайтирди.
Асосий ютуғимиз сифатида мен 2023–2024 йилларда Wildberries орқали сотилган ўзбек маҳсулотларининг умумий ҳажми 1 миллиард доллардан ошганини айтиб ўтишим мумкин.
– Wildberries фаолият юритаётган Марказий Осиё давлатлари билан солиштирганда, Ўзбекистондаги e-commerce бозорининг ўзига хослиги нимада?
– Биз одатда янги давлатда фаолиятни бир хил модель асосида бошлаймиз. Аввало, маҳаллий харидорлар учун платформамизни очамиз, уларга товарларнинг улкан танловини таклиф қиламиз, йирик шаҳарларда буюртма бериш ва олиш учун қулай нуқталар ташкил этамиз. Кейинчалик маҳаллий сотувчиларни ҳам платформага жалб қиламиз – улар Wildberries орқали нафақат мамлакат ичида, балки компаниямиз фаолияти йўлга қўйилган бошқа давлатларда ҳам маҳсулот сотиши мумкин.
Қизиқарли жиҳат – Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари томонидан Wildberries орқали амалга оширилган савдолар ҳажми ўзбекистонлик харидорлар қилган харидлар ҳажмидан анча юқори бўлди. Бу қисман кутилган натижа эди. Енгил саноат соҳасида дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Ўзбекистон бошқа мамлакатлар харидорларига сифатли ва рақобатбардош нархлардаги маҳсулотларни таклиф эта олади. Шу билан бирга, чегараолди савдо имконияти – Wildberries’нинг 10 та мамлакатда фаолият олиб бориши – бизнинг асосий афзалликларимиздан биридир.
Биз ўзимизга муҳим мақсад қўйганмиз – Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнесларга глобал савдога қўшилишда ёрдам бериш. Биз уларга онлайн савдо платформаси ва логистика қўллаб-қуввати билан бу мақсадга эришиш учун ёрдам берамиз.
– Ўзбекистонлик харидорлар Wildberries орқали қандай товарларни харид қиладилар? Одатий харидор портретини тасвирлаб берсангиз.
– Бу амалий, қулайлик ва кенг танловни қадрлайдиган харидордир. Биз ёш оилалар, 25 ёшдан 45 ёшгача бўлган фаол аёллар, шунингдек, тадбиркорлар томонидан онлайн харидларга барқарор қизиқишни кузатмоқдамиз. Улар ҳар хил турдаги товарларни харид қилади: кийим-кечак, пойабзал, косметика, маиший техника, болалар ўйинчоқлари, дала-ҳовли учун буюмлар ва бошқалар. Эркаклар эса, асосан, авто ва мото товарлар, электроника, инструментлар ва маиший техникани кўпроқ харид қиладилар.
– 2024 ва 2025 йилнинг дастлабки ойларида ўзбек маҳсулотларига талаб қай даражада ўсди? Қайси маҳсулотларлар энг талабгор бўлмоқда?
– 2024 йилда ўзбек маҳсулотларининг Wildberries орқали сотуви 61% га ўсди, маҳсулот турлари эса 45% га кенгайди. Иловада махсус “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли алоҳида витрина яратдик. Энг оммабоп товарлар қаторига футболкалар, лонгсливлар, спорт костюмлари ва ётоқ жихозлари киради. Энг йирик бозор – Россия. Бироқ Қозоғистон, Беларусь ва Қирғизистонда ҳам ўзбек маҳсулотлари савдоси икки баравардан зиёд ўсди.
2025 йилда ўсиш суръати сақланиб қолмоқда. Биз ўзбек маҳсулотларини Ўзбекистондан тўғридан-тўғри сотишга интилаётганимизни таъкидламоқчиман. Яъни, улар аввал чет элга олиб чиқилиб, у ерда қадоқланмасдан, бевосита мамлакат ичида тайёр ҳолда экспорт қилинишини хоҳлаймиз. Бу мақсадда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан биргаликда маркетплейслар орқали соддалаштирилган экспорт тартибини жорий қилиш устида ишлаяпмиз. Бу ўз навбатида ўзбек сотувчилари имкониятларини кенгайтиради.
– Wildberries томонидан Ўзбекистондаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
– Биз Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ўқув марказлари яратиш лойиҳасини йўлга қўйдик. У ерда ишлаб чиқарувчилар платформамиз билан танишиш, онлайн бизнес юритиш ва Wildberries томонидан таклиф қилинаётган барча инструментлардан самарали фойдаланишни ўрганишлари мумкин. Ўтган йил 100 дан ортиқ бепул семинарлар ўтказдик. Шунингдек, “Ўзтекстильсаноат” уюшмаси ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ўқув семинарлари ташкил этмоқдамиз.
Ҳозирда “Ўсиш платформаси” деб номланган янги ташаббусни амалга оширмоқдамиз. У тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ва комплекс ўқитишга қаратилган. Биз эксклюзив билимлар, амалий инструментлар ва мутахассислар кўмагига эга имкониятларни тақдим этяпмиз. Бу орқали ўзбек ишлаб чиқарувчиларга ўз бизнесини кенгайтириш ва ташқи бозорларга чиқишда ёрдам бермоқчимиз.
– Wildberries томонидан Ўзбекистонда қандай логистик инфратузилма ривожлантирилмоқда?
– Апрель ойида Тошкентдаги сортлаш маркази ҳажми икки бараварга оширилди – кунлик 100 000 та буюртмани қайта ишлаш имкониятига эга бўлди. Бу эса етказиб беришни янада тез ва қулай қилади. Май ойида курьерлик етказиб бериш хизмати ишга туширилди – ҳозирча фақат Тошкентда, аммо яқин вақт ичида уни бошқа ҳудудларга ҳам кенгайтиришни режалаштирганмиз. Шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб буюртма қабул қилиш ва етказиб бериш нуқталарини кўпайтириш ниятимиз бор.
180 000 квадрат метр майдонга эга йирик логистик комплекс қуриш режаси ҳамон амалда. Барча ташкилий ва ҳуқуқий масалалар ҳал қилингач, бу ҳақда батафсил маълумот берилади.
– Онлайн савдо ривожига оид 2–3 йиллик прогнўзларингиз қандай?
– KPMG консалтинг компаниясининг баҳосига кўра, 2027 йилга келиб Ўзбекистонда онлайн савдо бозори ҳажми 2 миллиард долларга етиши мумкин.
Биз бу баҳога қўшиламиз. Ҳозирги ўсиш суръатларини инобатга олсак, яқин йилларда электрон тижорат улуши мамлакатдаги чакана савдо ҳажмининг 4 фоизидан 10 фоизгача ўсиши мумкин.