“Вилла операцияси” муваффақиятли якунланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Emaratalyoum.com” нинг хабар беришича, Дубай полицияси томонидан ўтказилган махсус рейд давомида яшаш учун мўлжалланган виллада гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Операция натижасида икки нафар Осиё фуқароси қўлга олиниб, катта миқдордаги наркотик воситалар мусодара қилинди.
Жиноятчилар ҳақида дастлабки маълумотлар Дубай разведка хизматидан олинган бўлиб, махсус тергов гуруҳи томонидан уларнинг ҳаракатлари пухта ўрганилган. Дастлаб, гуруҳ аъзоларидан бири тузоққа илинтирилиб қўлга олиниб, тергов давомида у шеригининг шахсини фош этган ва навбатдаги рейдда иккинчи гумондор ҳам наркотикларни қадоқлаётганда ушланган.
Рейд давомида жами 40 килограмм наркотиклар – кетамин, кристалл метамфетамин, марихуана, гашиш ва уларни тайёрлашда ишлатиладиган кимёвий моддалар ҳамда суюқликлар мусодара қилинган.
Наркотикларга қарши кураш бош бошқармаси директори Бригадиер Холид бин Муваизанинг такидлашича бу муваффақиятли амалиёт Дубай полициясининг гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши қатъий кураш олиб бораётганини тасдиқлайди.
Жиноятларга қарши курашда илғор технологиялар, жумладан юқори малакали ходимлар рақамлаштирилган тизимдан самарали фойдаланаётганлиги натижасида, ҳатто четдан туриб бошқарилаётган жиноят тармоқлари ҳам тезликда фош этилмоқда.