Валюта курслари 22/07/2025
$1 – 12603.52
UZS – 0.2%
€1 – 14676.80
UZS – 0.3%
₽1 – 160.94
UZS – 0.39%
Қидириш
Ўзбекистон 22/07/2025 Венгрия ва Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда

Венгрия ва Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 17-18 июль кунлари Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатов бошчилигидаги делегациянинг Венгрия давлатига расмий ташрифи ташкил этилди.

Ташрифнинг асосий мақсади икки давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш, мамлакатлар ички ишлар вазирликларининг соҳавий хизматлари ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда Венгрия полициясининг илғор тажрибаси билан танишишга қаратилди.

Ташриф жараёнида Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатовнинг Венгрия Ички ишлар вазири доктор Шандор Пинтер билан икки томонлама расмий учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир давомида томонлар икки давлат ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, халқаро терроризм, уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик ва гиёҳванд моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича идоралараро ишчи учрашувларини ташкил этиш, Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ва Будапешт шаҳри Полиция бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, жамоат тадбирлари ва туристик объектларда хавфсизликни таъминлаш бўйича тажриба алмашиш ҳамда киберхавфсизлик ва рақамли криминалистика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича масалаларни муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Венгрия Ички ишлар вазирлиги ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси“ имзоланди.

Венгрияга ташриф жараёнида Ички ишлар вазирлиги делегацияси мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишидаги илғор тажриба ва таълим соҳаси билан яқиндан танишдилар.

Жумладан, тадбир давомида мамлакатимиз делегациясининг Венгрия Миллий кибер хавфсизлик институти бошлиғи доктор Лаёш Сабо билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда томонлар ҳозирги замон кибер таҳдидларига муносиб қарши туриш тизими, интернетдаги хуружлар ва ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган идоралараро ҳамкорлик, кибер жиноятларни таҳлил қилиш усулларини ҳамда ҳамкорликда ўқув курсларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, мамлакатимиз делегацияси Будапештдаги Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар академияси фаолияти билан ҳам танишиб, Ўзбекистонлик мутахассислар учун халқаро ва малакавий курсларда ташкил қилиш масалаларига эътибор қаратдилар.

Будапешт полиция бошқармасининг хизмат жараёнини ўрганиш давомида, Венгрия пойтахтининг Смарт Ситй (Ақлли шаҳар) видеоназорат тизими, жамоат хавфсизлиги билан боғлиқ таҳдидларни прогнозлаштириш ва таҳлили қилиш, тезкор вазиятдан келиб чиққан ҳолда полициянинг куч ва воситаларини тўғри тақсимлаш каби тизим билан танишиб, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Будапешт шаҳри Полиция бошқармасининг амалий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Венгриянинг Терроризмга қарши курашиш марказининг фаолиятини ўргандилар. Жараёнда Ўзбекистонлик мутахассислар Венгрия амалиётида радикаллашган шахсларни аниқлаш, халқаро террорчилик гуруҳларини фош этиш, уларнинг фаолиятини ўрганиш ҳамда он-лайн муҳитда таҳдидларни мониторинг қилиш механизмлари билан танишдилар.

Ташриф жараёнида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Венгрия Полиция академиясининг фаолияти билан танишди.

Академия раҳбари доктор Эрнё Краузер билан олиб борилган музокараларда, полиция ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, Венгрия полицияси томонидан олиб борилаётган инновациялар ва тажрибалар Ўзбекистон шароитида жорий этиш, шунингдек, курсантлар ва профессор-ўқитувчилар учун стажировка ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Венгрияга расмий ташрифи икки мамлакат ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро ишончли муносабатларни юқори даражага кўтаришга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг