Vast ва Ўзбекистон қўшма илмий космик лойиҳаларни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШга ташрифи доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов дунёдаги илк тижорий космик станцияни қуриш билан шуғулланаётган Америка хусусий аэрокосмик компанияси — Vast компаниясининг вице-президенти Рич Лешнер билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистонда космик технологияларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатнинг космик соҳадаги инсон салоҳиятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазир Шерзод Шерматов фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, ёш тадқиқотчилар учун имкониятлар яратиш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро космик дастурларда фаол иштирокини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Томонлар Vast компанияси билан узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, қўшма илмий тадқиқотлар, кадрлар алмашинуви дастурлари ва ўзбекистонлик мутахассисларни Ҳавен-1 орбитал станциясининг муваффақиятли учирилишидан сўнг келгуси миссияларда иштирок эттириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, Haven-2 лойиҳаси доирасида сунъий гравитация, ҳаётни қўллаб-қувватлаш тизимлари ва орбитал архитектура бўйича тадқиқотларда ўзбекистонлик олим ва муҳандисларнинг иштирок этиши эҳтимоли муҳокама қилинди.
Таълим, кадрлар тайёрлаш, амалиёт ва қўшма лабораториялар яратиш соҳаларида қўшимча ташаббуслар илгари сурилди. Бу эса Ўзбекистон ва Vast ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг халқаро космик дастурлар ҳамда орбитал технологиялар лойиҳаларида иштирокини ошириш бўйича келгуси қадамларни белгилаб берувчи ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.
Vast — АҚШда жойлашган хусусий аэрокосмик компания бўлиб, янги авлод космик станцияларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Компаниянинг илк лойиҳаси — Haven-1, дунёдаги илк тижорий космик станция бўлиб, келгусида кўп модулли станциялар, жумладан Haven-2 учун асос бўлиб хизмат қилади.