Вашингтонда Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши ишга туширилди
Вашингтонда Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Вашингтон шаҳрида АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, шунингдек Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши ҳамраиси Серхио Гор билан учрашув ўтказди.
Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги бизнес ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий масалаларини муҳокама қилди. Музокаралар АҚШ пойтахтида ўз фаолиятини бошлаган Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгашининг расмий ишга туширилиши арафасида бўлиб ўтди.
Кенгаш икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма бизнес ташаббуслари учун барқарор институционал асос яратиш мақсадида ташкил этилди. Учрашув якунлари бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Кенгашнинг ташкил этилиши икки давлат президентлари ўртасидаги юқори даражадаги ишонч натижаси экани таъкидланди. Серхио Гор АҚШ сўнгги бир йил давомида Марказий Осиёда стратегик шерикликни мустаҳкамлашга жиддий ёндашганини қайд этди.
Кенгашнинг биринчи йиғилишида бизнес ва давлат тузилмалари вакиллари иштирок этди. Унда сўзга чиққан Серхио Гор АҚШ президенти Дональд Трамп Марказий Осиё, айниқса Ўзбекистоннинг глобал савдо ва транспорт боғлиқлигидаги ўрнига катта аҳамият қаратаётганини таъкидлади.
Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш, шунингдек икки мамлакат компаниялари ўртасида узоқ муддатли шерикликларни ривожлантиришга қаратилган.
Кенгаш фаолияти икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш ва минтақавий иқтисодиётнинг барқарор ҳамда фаровон ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.