Вашингтон халқаро ёрдамни қисқартирди: Ўзбекистон, Молдова ва бошқа давлатлардаги лойиҳалар бекор қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ давлат котиби Марко Рубио умумий қиймати 215 миллион АҚШ долларига тенг бўлган хорижий молиявий ёрдамни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Ҳукумат фаолияти самарадорлигини ошириш бошқармаси (DOGE) хабар берди.
Вазирлик баёнотига кўра, Рубио ташқи ёрдам дастурларини батафсил қайта кўриб чиқишни давом эттирмоқда ва бу жараён доирасида мақсадга мувофиқ эмас деб топилган 139 та грант бекор қилинди, умумий қиймати 215 миллион долларни ташкил этади.
Бу қарор таъсир этган давлатлар рўйхатига Ўзбекистон ҳам кирди — бу ерда фуқаролик фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган 2,5 миллион долларлик грант бекор қилинди.
Шунингдек, Белоруссия, Болгария, Бразилия, Буюк Британия, Ливан, Мавритания, Молдова ва Тунисдаги қатор лойиҳалар учун молиялаштириш тўхтатилди.