Uzum $130 млн инвестицияни Суверен фондидан олди
Uzum $130 млн инвестицияни Суверен фондидан олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг етакчи рақамли платформаси Uzum стратегик инвестиция раундини якунлади ва Султонат Оман суверен фондларидан 130 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ жалб қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Раунд иштирокчилари орасида компаниянинг мавжуд инвесторлари — VR Capital, Tencent ва FinSight Ventures ҳам бор эди. Uzum компаниясининг янги баҳоси $2,3 миллиард даражасида белгиланди.
Жалб қилинган маблағлар компания экотизимининг асосий йўналишлари — электрон савдо, рақамли банкчилик ва тўлов хизматларини ривожлантиришга йўналтирилади.
Ҳозирда Ўзбекистонда 20 миллиондан ортиқ аҳоли ҳар ой Uzum хизматларидан фойдаланмоқда. Инвестициялар технологик инфратузилмани кенгайтириш, рақамли хизматлар имкониятларини ошириш ва мамлакат ҳудудларини қамраб олиш имконини беради.
Бу раунд халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон рақамли бозорига бўлган қизиқиши ўсиб бораётганини тасдиқлайди ва Uzum компаниясини мамлакат инновацион иқтисодиётидаги етакчи позицияда янада мустаҳкамлайди.