UzTest ва QazTrade сифат назорати ва савдо соҳасида ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” (UzTest) ҳамда Қозоғистон Республикасининг «QazTrade» Савдо сиёсатини ривожлантириш маркази” АЖ ўртасида стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи бошланди.
Томонлар ўзаро мувофиқликни баҳолаш ва савдо жараёнларининг самарадорлигини ошириш бўйича бирламчи келишувга эришдилар. Ушбу келишув икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини енгиллаштириш, маҳсулотлар сифатини халқаро талаблар асосида баҳолаш ва техник тўсиқларни камайтиришга хизмат қилади.
Келишув асосидаги ҳамкорлик йўналишлари стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, синов лабораториялари ўртасида тажриба алмашинув ҳамда савдо тўсиқларини камайтиришдан иборат.
Ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, экспорт-импорт жараёнларида шаффофликни ошириш ҳамда маҳсулотлар сифатини кафолатлашга муҳим аҳамият касб этади.