UZTELECOM ва Winncom Technologies инновацион тармоқ ечимлари бўйича меморандум имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШга расмий ташриф доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва «Ўзбектелеком» АК вакиллари Winncom Technologies Corp компанияси вице-президенти Андрей Такҳ билан ишчи учрашув ўтказдилар.
Учрашувда тармоқ инфратузилмасини бошқариш ва уни киберҳужумларга нисбатан барқарорлигини оширишнинг замонавий усуллари муҳокама қилинди.
Асосий эътибор тармоқ трафики таҳлили, DDoS таҳдидларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш, шунингдек маълумот узатиш тизимларини модернизация қилиш ва инновацион технологияларни жорий этишга қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар Ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Ушбу меморандум тармоқлар самарадорлигини ошириш ва хавфсизлигини кучайтириш бўйича пилот лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини очади.
Ушбу ташаббуслар UZTELECOMга тармоқ инфратузилмасининг самарадорлигини сезиларли даражада ошириш ва фойдаланувчилар учун янада ҳимояланган ва интеллектуал рақамли муҳит яратиш имконини беради.